Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АКТ бўйича лойиҳалар нима учун Давлат дастурининг ижтимоий блокидан жой олган?
2019-05-22 | Технологиялар
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида илк бор Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 28 декабрида Олий Мажлисга Мурожаатномасида парламентга сиёсий ҳаётимизга янги амалиётни жорий этишни Мурожаатномада белгиланган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда Қонунчилик палатаси ва Сенат олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши таклифини билдирган эди.
Шундан келиб чиқиб, мазкур янги институтни амалиётга татбиқ этиш ишлари бошланди. Парламент қуйи палатаси депутаталари ижро этувчи хокимият органлари билан биргаликда Давлат дастури бандларини сўзсиз бажариш ишларига киришдилар. Шу билан бирга Ҳукуматнинг Давлат дастурини амалга оширилишидаги ваколатларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишидаги масъулиятини ошириш бўйича янги механизмлар тадбиқ этилмоқда.
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илхом Абдуллаев, - 274 банддан иборат Давлат дастурининг 20 дан ортиқ банди бевосита ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги турли лойиҳаларни рўёбга чиқариш билан боғлиқ. Мазкур бандлар билан демократияни ривожлантириш, ижтимоий муаммоларни оптималлаштириш, электрон давлат хизматларини тадбиқ этиш каби ўта муҳим йўналишлар боғлиқ. Шуниси муҳимки, режали ҳужжатларда илк бор ахборотлаштиришни ривожлантириш масаласи иқтисодий эмас балки, айнан ижтимоий блокка киритилган. Бошқача айтганда, биз мазкур масалаларни сифатли ичимлик суви, пенсия таъминоти, бандлик каби фуқароларимиз учун ўта муҳим бўлган масалалар қаторида кўра бошладик.
Давлат дастуридаги АКТ-лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши инвестицияларни самарали жалб қилиш, миллий хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт салоҳияти ва иқтисодий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ бўлган унинг қолган шу каби бошқа кўплаб пунктларининг муваффақиятига боғлиқ.
Ушбу лойиҳаларнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, депутат томонидан парламент ва ҳукумат ўртасида юқори даражадаги икки томонлама ишчи гуруҳи тузиш таклифи билдирилди. Унинг таркибига парламент томонидан барча фракциялар раҳбарлари, ҳукумат томонидан эса дастурнинг АКТ лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ бандлари ижросига жавоб берадиган ҳукумат аъзолари киритилиши, ушбу гуруҳга тегишли Спикер ўринбосари ва Бош вазир ўринбосари раҳбарлик қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Бу гуруҳнинг асосий вазифалари этиб, Давлат дастурининг АКТ лойиҳалари ижросини пухта мониторинг қилиш, тизимли асосда ахборот тўплаш ва лойиҳа мониторингини олиб бориш, шунингдек парламентда ҳукуматнинг чораклик ҳисоботи доирасида Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида тегишли ахборот тақдим этишни белгилаш мумкин.
Ўз навбатида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, мазкур таклифни амалга оширишда доим тайёр эканлигини билдириб, мазкур ишчи гуруҳни тузишда ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмаслигини таъкидлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси