2019 йилнинг 20 май куни Элчи Равшан Усманов Куала-Лумпур шаҳрида Малайзиянинг “БЕРНАМА” Миллий ахборот агентлиги халқаро хабарлар бўлими журналисти Набила Бинти Салеҳга тантанали тарзда журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XIV Миллий мукофоти “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” рағбатлантирувчи номинациясининг сертификатини топширди.
“БЕРНАМА” МАА 1967 йилда ташкил этилган ва хорижий ахборот агентликларининг хабарларини тарқатиш борасида мутлақ ҳуқуқга эга Малайзиянинг ягона етакчи ахборот агентлиги ҳисобланади. Агентлик ўзининг “Бернама ТВ” ахборот телеканали ва “Радио24” радиостанциясига эга.
Агентлик нафақат мамлакат ичида, балки Сингапур, Индонезия, Филиппин, Бангладеш, Ҳиндистон, Австралия, Буюк Британия, АҚШ ва Канадада кенг мухбирлик тармоғига эга. “БЕРНАМА” ҳар куни мамлакат бўйлаб расмий ва бошқа тадбирлар билан боғлиқ воқеаларнинг ёритилишини таъминлайди ҳамда Малайзия ОАВ учун асосий ахборот манбаи ҳисобланади. Малайзиянинг барча вазирлик ва давлат идоралари агентликнинг янгиликлар лентаси обуначиси ҳисобланади.
Набила Бинти Салеҳ Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси томонидан экспертлар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этиладиган тадбирларда, “доира столларида” фаол қатнашади. У халқаро форум ва фестивалларда иштирок этиш доирасида бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ўзининг мақолалари орқали ўқувчиларни мамлакатимизда иқтисодиёт, таълим, туризм ва маданият соҳаларида юз бераётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳукумат сиёсати бўйича бажарилаётган ишлар билан таништиради. Набила Бинти Салеҳ Ўзбекистондаги ўзгаришлар мавзусини ижтимоий тармоқлар, жумладан Instagram ва Facebook каби машҳур дастурлар орқали ҳам фаол ёритиб боради.
Маросимдан сўнг малайзиялик журналист миннатдорчилик изҳор этди, бугунги тадбир ва журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХИВ Миллий мукофоти тўғрисидаги маълумот Малайзия электрон ва босма ОАВда кенг ёритилишини қайд этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги