Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентининг Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида
2019-05-17 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик ва давлат хизматидаги фаолиятида муваффақият тилади.
Олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг жадал ривожланиши ва изчил мустаҳкамланиб боришига хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий ҳамкорлик, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш учун кенг имкониятлар очгани алоҳида таъкидланди.
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Суҳбат сўнгида давлатимиз раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевга жорий йил 9 июнь куни бўлиб ўтадиган Қозоғистон Президенти сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти