Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Алоқа соҳасидаги етук мутахассис, давлат арбоби Комилжон Раҳимов 2019 йил 16 май куни 73 ёшида вафот этди
2019-05-17 | Жамият
Комилжон Раҳимов 1969 йили Тошкент электротехника алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)ни битириб, меҳнат фаолиятини 1971 йилда Хоразм вилояти алоқа бошқармасида катта муҳандис сифатида бошлади.
Ўз касбининг фидойиси, истеъдодли мутахассис, серғайрат инсон 32 йиллик меҳнат фаолияти давомида Хоразм вилояти алоқа бошқармаси бош муҳандиси, бошлиқ ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси алоқа вазири ўринбосари, алоқа вазири (1985-1995), Бош вазир ўринбосари (1995-1998) каби лавозимларда халқимиз ва Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимизда почта ва алоқа соҳасини ривожлантиришга, замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган етук ва малакали мутахассислар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Комилжон Раҳимовнинг меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. 1996 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган алоқачи” фахрий унвони билан мукофотланди.
Замондош ва ҳамфикр дўстлари, елкадош ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.
Етук мутахассис, меҳрибон устоз ва самимий инсон Комилжон Раҳимов хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Бир гуруҳ дўстлари ва ҳамкасблари
Манба: ЎзА