Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сузук ота мажмуаси чинакам билим ва тарбия масканига айланди

2019-05-10 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни пойтахтимиздаги Сузук ота мажмуасига ташриф буюрди.

Яқин-яқингача Сузук ота зиёратгоҳини кўпчилик билмас, мақбара ва эски масжид зах тортиб қолган эди. Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 май куни Сузук ота мажмуасида бўлиб, мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. 2018 йил 9 февралда қурилишнинг бориши билан танишиб, мажмуа ёнида ҳунармандлар учун уй-жойлар барпо этиш зарурлигини таъкидлаганди. 

Бугун мазкур ташаббуслар тўла рўёбга чиқди. Мақбара ва масжид қурилиб, қарийб 8 гектарлик майдон ободонлаштирилди. Мажмуага кириш биносида музей, кутубхона, маҳалла идораси ва бошқа объектлар жойлаштирилди. Мақбаранинг икки томонида ҳунармандлар учун ҳар бири 4,5 сотихли ўттизта коттеж барпо этилди.

Бугунги ташриф чоғида Президентимиз ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишди. Мақбара зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Шу ерда диний уламолар, нуронийлар билан суҳбат бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари уларни Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаб, янгиланган мажмуанинг шундай улуғ айём кунларда очилиши хайрли эканини таъкидлади.

- Бошқа давлатлар йўқ тарихини бор қилишга ҳаракат қилади. Биз буюк тарихимизни, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга тўлиқ етказиб беролмадик. Ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан шундай жойларга эътибор берсак, бунга ҳамма эътибор қаратади, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Маълумки, Сузук ота ўймакор уста бўлган. Бугун унинг қадамжоси атрофида ҳунармандчилик уйлари ташкил этилгани чуқур мазмун-моҳият касб этди. Икки қаватли бу хонадонларнинг биринчи қавати устахона ва дўкон учун ажратилган. Бу ўзига хос ҳунармандчилик маркази бўлиб, мажмуа билан бирга ноёб туризм масканига айланади.

Президентимиз ушбу уйларни, ёғоч қирмачилик ва хаттотлик устахоналарини кириб кўрди.

- Ҳунармандчилик – ҳалол касб. Бугунги кунда энг катта вазифамиз – иш жойлари яратиш. Ҳунармандларга шароит яратсак, ҳам ўзини боқади, ҳам бошқаларни иш билан таъминлайди. Шогирдлар тарбияласа, қанча ёшлар ҳунарли бўлади, ўз тадбиркорлигини очиб, даромад топади, - деди давлатимиз раҳбари.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться