Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
2019-05-09 | Сиёсат
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Муҳтарам фахрийлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 74 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугун барчамиз аввало буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Ҳеч шубҳасиз, орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, буюк Ғалабанинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораверади.
Минг-минглаб жасур ота-боболаримиз дунёдаги кўплаб халқлар қаторида бу мудҳиш урушда чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу сўнмас жасорат, мана, 74 йилдирки, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Ҳақиқатан ҳам, 9 май – Ғалаба куни эл-юртимизнинг асл фарзандлари беш йил давомида мардона жанг қилиб, ёвуз душманни тор-мор этган, мислсиз талофатлар эвазига эришган шон-шараф айёмидир.
Бу – ҳеч қачон унутилмайдиган, ҳеч қандай куч биздан тортиб ололмайдиган буюк тарих, қудратли маънавий бойлигимиз, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Биз бу тарихдан куч-қувват оламиз. Бу тарих бизни тинчликни асраб, барча халқлар билан дўст ва ҳамкор бўлиб, ёруғ келажак бунёд этишга даъват этади.
Ушбу тантанали, айни вақтда маъюс кунларда ўтмишдан зарур сабоқ ва хулосалар чиқариш учун уруш даврига қайта-қайта мурожаат қилишимиз табиийдир.
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда 1 ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.
Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Уларнинг орасида 280 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 82 нафар учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлган жасур инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!” деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Республикамиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди.
Юртимиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, юзлаб дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.
Ўзбекистон аҳли уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз нонини улар билан баҳам кўрди. Айниқса, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 200 минг нафар бегуноҳ болаларни “Сен етим эмассан!” деб бағрига босиб, меҳр-мурувват кўрсатди.
Албатта, бу рақамлар – шунчаки статистик маълумотлар эмас. Бу рақамлар бошимиздан кечирган мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақиради. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Ҳурматли ватандошлар!
Барчангизга маълум, Иккинчи жаҳон урушида, меҳнат фронтида иштирок этган мўътабар фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келмоқда.
Бугунги озод ва эркин ҳаёт учун, фарзандларимизнинг бахти ва камоли учун биз уларнинг олдида чексиз қарздормиз.
Бу азиз инсонларни асраб-авайлаш, уларнинг соғ-саломат ва мазмунли умр кечиришлари учун барча шароитларни яратиб бериш – ҳаммамизнинг муқаддас инсоний бурчимиздир. Айниқса, раҳбар ва мутасаддилар буни биринчи навбатда чуқур ҳис этишлари лозим.
Биз шу мақсадда бошлаган ишларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз, шу йўлда давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз.
Азиз дўстлар!
Хабарингиз бор, келгуси йили Ғалабанинг 75 йиллик байрами халқаро миқёсда кенг нишонланади.
Ҳозирги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан бирга бу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Жумладан, Ўзбекистон халқининг буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини акс эттирадиган, ғоят муҳим тарихий маълумотларни ўзида мужассам этган китоб-альбом нашрга тайёрланмоқда.
Айни вақтда Тошкент шаҳрининг энг кўркам масканларидан бирида ушбу шонли санага бағишлаб улкан Ғалаба боғини барпо этамиз. Бу борада лойиҳа-қурилиш ишларини бошлаб юборганимизни бугун сизларга маълум қилмоқчиман.
Албатта, бу боғ ва унинг таркибида бунёд этиладиган шон-шуҳрат музейини энг гўзал ва пухта ишланган лойиҳалар асосида яратамиз. Аммо бу муҳташам ёдгорлик мажмуасининг маъно-мазмуни, музей экспозициясини шакллантиришда биз муҳтарам фахрийларимиз, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларига таянамиз.
Шунинг учун буюк Ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳаёти, жасорат ва матонатини янада чуқурроқ ўрганишимиз, бу ҳақда янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильм ва спектакллар яратишимиз керак. Ёшларимиз кимларнинг жасорати туфайли қарийб 75 йил мобайнида уруш балосини кўрмасдан, тинч ва бахтли замонда яшаётганимизни билиши ва бунинг қадрига етиши зарур.
Мана, барчамиз гувоҳмиз, ўша даҳшатли жангларда иштирок этган, урушнинг азоб-уқубатларини кўрган кишилар сони, афсуски, камайиб бормоқда. Ҳатто уларни таниган, билган одамлар сафи ҳам камаймоқда. Бундай инсонлар, уларнинг ҳар битта сўзи олтинга тенг бўлиб бормоқда.
Шунинг учун уруш ҳақидаги, уруш қаҳрамонлари ҳақидаги маълумотларни улардан ёзиб олиб, халқимизга етказишимиз керак. Жойларда, таълим-тарбия масканларида “Маҳалламиз қаҳрамонлари”, “Ватан ҳимоячилари” деган тасвирий кўргазмалар ташкил этсак, ўйлайманки, нур устига нур бўлади.
Бу кўргазмаларда уруш иштирокчилари билан бирга мустақиллик йилларида тинч-осойишта ҳаётимизни ҳимоя қилиш йўлида мардлик кўрсатган аскар ва офицерларимиз тўғрисида ҳам маълумотлар ўз аксини топиши мақсадга мувофиқдир.
Шу тариқа биз ўз тарихимизни, аждодларимизга хос жасорат ва матонат туйғусини, жанговар анъаналарни келгуси авлодларимизга мерос қилиб қолдиришга эришамиз. Бу ишларни бугун қилмасак, эртага кеч бўлиши мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, мен барчангизни тарихни ўрганишда янада уйғоқ, янада фаол бўлишга чақирмоқчиман. Тарихга сергак қараган одамгина доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшайди. Бугунги вазиятга ҳам, келгуси жараёнларга ҳам холис ва ҳаққоний баҳо бера олади. Бу эса ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, юксак тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартидир.
Азиз дўстлар!
Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот – онадир. Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир.
Бамисоли сабр-бардошдан яралган, уруш йилларида муқаддас Ватан тимсолига айланган бундай метин иродали оналар юртимизда кўплаб топилади.
Сўзимнинг исботи учун бир мисол келтирмоқчиман. Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида Зулфия ая Зокирова исмли бир мўътабар онахон яшаб ўтганлар. Том маънода буюк бу инсоннинг жасоратини таърифлашга тил ожиз.
Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач Зулфия ая беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказганлар.
Ҳаммамиз яхши биламиз, она зоти учун фарзанд доғини кўришдан ҳам оғир йўқотиш йўқ. Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган.
Ўзингиз айтинг, қадрли дўстлар, ҳар қандай одамни ҳам йиқитиб, яксон қиладиган тақдирнинг бундай бешафқат зарбасига бардош бериш мумкинми?
Лекин Зулфия Зокировадек матонатли, қаҳрамон ўзбек аёли бунга бардош бера олди. Шундай фожиали қисматга беш марта кўксини қалқон қилиб, беш марта ҳам мардона оёққа турди. Бунинг учун одамда қанчалик кучли ирода, қанчалик метин сабр-бардош бўлиши керак!
Ёвуз уруш туфайли аянинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Унинг ўзи эса бир умр мотамда яшади. Лекин ҳеч қачон умид-сизликка тушмади, ўғилларининг сўнмас хотираси, ёруғ кунлар ёди билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, орзу-умидлари билан яшади.
“Жойи чиқса, турмуш қилинглар, мен сизлардан мингдан-минг розиман”, дейди Зулфия ая келинларига. Лекин улар ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, унга мадад бўлиб, барчаси ўз ёрига, оиласига содиқ қолади, бошқа турмуш қурмайди.
Мана, ўзбек аёлларининг, ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати!
Мана, севги ва садоқат мадҳияси, унинг енгилмас куч-қудрати!
Мана, ёшларимиз, фарзандларимиз кимдан намуна ва ўрнак олишлари керак!
Ҳаётда бирон-бир қийинчиликка дуч келса, умид-сизликка тушмасдан, уларни бардош билан енгиб ўтишда Зулфия Зокирова ва унинг оиласи ёш авлодимиз учун чинакам ибрат мактаби эмасми?
“Яхшилар ёди ҳеч қачон унутилмайди”, дейди халқимиз. Биз эзгу ният билан барпо этадиган Ғалаба боғи марказига Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатсак, унга “Матонат мадҳияси” деб ном берсак, нима дейсизлар?
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Бугунги янги ҳаёт, беқиёс ўзгаришлар ҳаммамиздан янгича сафарбарликни талаб этмоқда. Мана шу жараёнда тинчликни асраш, дунёдаги тараққийпарвар халқлар, давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш бош вазифамизга айланмоқда.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида узоқ-яқин барча давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли, дўстона алоқаларни ривожлантириш бундан буён ҳам устувор йўналиш бўлиб қолади.
Айни вақтда яна бир ҳақиқатни ҳам ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Энг катта, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчликка рахна солиш, турли халқлар ўртасида уруш оловини ёқиш, миллий ва диний зиддиятларни авж олдиришга уринаётган кучлар ҳам йўқ эмас. Бундай ёвуз кучларга қарши курашда аввало доимий ҳушёрлик ва огоҳлик, жаҳолатга қарши – маърифат, бутун халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Шу мақсадда мустақиллигимиз ва тинч ҳаётимизнинг ишончли ҳимоячиси бўлган Қуролли Кучларимизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада ошириш, халқ ва армия бирлигини мустаҳкамлаш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқдамиз.
Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли таъсирлардан асраш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу вазифаларни муваффақиятли адо этишда муҳтарам фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари, ҳеч шубҳасиз, биз учун ҳамиша ибрат бўлиб хизмат қилади.
Айниқса, сизлар барча ишларимизда доно маслаҳатгўй, тоғдек таянч бўлиб, халқимизни рози қилиш йўлидаги ислоҳотларимизга ўз амалий ишларингиз, дуоларингиз билан мадад бериб келмоқдасиз. Ва биз буни юксак қадрлаймиз, сизлар билан чексиз фахрланамиз!
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тинч ва озод, эркин ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун ўз номимдан, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан сизларга яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман. Доимо ҳаётимизга файз бериб, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юришингизни Яратгандан сўрайман.
Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!
Ғалаба байрами барчамизга муборак бўлсин!
Катта раҳмат сизларга!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти