Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саноатни ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди
2019-05-02 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Саноат барча иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга хизмат қилади. Кейинги йилларда бу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, юқори технологияли заводлар, технопарклар, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди. Ўтган йили саноатдаги қўшилган қиймат ўсиши 10 фоиздан ошди.
Лекин диверсификация жиҳатидан қараганда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, саноатнинг 69 фоизи асосан хомашё ёки бирламчи қайта ишлашга тўғри келади. Экспортнинг 52 фоизини рангли металлар, энергия ресурслари ва ҳўл мева ташкил этади. Бу иқтисодиётда ҳалигача тайёр маҳсулотга нисбатан хомашё устунлигини кўрсатади.
Йиғилишда юқори қўшилган қиймат яратувчи ва тайёр маҳсулот экспорт қиладиган саноат корхоналарини кўпайтириш, мавжуд салоҳият ва хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Импорт қилинаётган товарларни юртимизда ишлаб чиқариш, хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириб сотиш даражаси етарли эмаслиги танқид қилинди. Хусусан, миснинг атиги 25 фоизи қайта ишланмоқда, рухнинг 80, молибденнинг 99, ипакнинг 88, хом терининг 60 фоизи хомашё тарзида экспорт қилинмоқда.
Ёки яна бир мисол: 133 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилинган бир пайтда “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси корхоналари 48 фоиз қувватда ишлаётгани, албатта, қониқарсиз ҳолат. Сут ва гўштни қайта ишлаб, кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш соҳасидаги улкан имкониятлар ҳам тўлиқ ишга солинмаган.
Шу боис йиғилишда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат геология қўмитасига мавжуд хомашё базаси ва импорт таркибидан келиб чиқиб, 2019-2021 йилларда саноатлаштириладиган маҳсулотлар рўйхатини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари кундалик саноат маҳсулотларини кенг ишлаб чиқариш ва кооперацияни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган саноат маҳсулотларини солиштирган ҳолда эҳтиёжни ҳисоб-китоб қилиш тизимли олиб борилмаётгани қайд этилди. Кичик саноат зоналарида кундалик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Саноат ривожида тармоқларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ маҳаллий саноат ишлаб чиқарувчиларни давлат харидлари орқали қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилмоқда.
Яна бир муҳим масала борки, бу саноат товарларини етказиб бериш билан боғлиқ. Юртимизда маҳсулотлар таннархида транспорт харажатлари ҳанузгача юқори. Дунёда ушбу кўрсаткич 8-9 фоиздан ошмайди. Шунингдек, маҳсулотларни сертификатлаш ҳам экспортда жуда муҳим омил.
Шундан келиб чиқиб, транспорт хизматлари нархини камайтириш, маҳсулотларни ташқи бозорлардаги техник сифат талабларига уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ишлаб чиқариш ва сертификатлаш соҳалари мутахассислари малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти