Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Белорусия ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
2019-05-01 | Жамият
30 апрель куни пойтахтимизнинг “Пойтахт” бизнес марказида Ўзбекистон ва Белорусия республикалари ўртасида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ҳамда маҳсулотларнинг синовини ўтказиш амалиётини кенгайтириш мавзусида учрашув бўлиб ўтмоқда.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Белорусия Республикасининг Давлат стандартлаштириш қўмитаси раиси В.Б.Татарицкий бошчилигидаги делегация ҳамда юртимизнинг стандартлаштириш, метрология, савдо-саноат, божхона хизмати, автомобилсозлик, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралар, компания ва концернларининг раҳбарлари иштирок этмоқда.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан ўзаро ишонч ва англашув асосидаги давлатлараро амалий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек мамлакатларимизни барқарор ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имкони яратилаётгани қайд этилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт қилинадиган маҳсулотларни синовдан ўтказиш амалиётини кенгайтириш, расмийлаштириладиган синов баённомалари, мувофиқлик сертификатларини тан олиш масалалари ва “Йўл харитаси”даги топшириқларнинг ижроси муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги