Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамиша фаол ҳаракатда бўлишни тавсия қилмоқда

2019-04-29 | Соғлиқни сақлаш

Жорий йил 27 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб навбатдаги соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган оммавий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, пойтахимиз марказидаги “Меҳржон” ҳиёбонида 5 километр масофага фаол юриш ва муассасалараро спорт мусобақалари, жумладан, арқонда сакраш, шахмат, шашка, волейбол, стол тенниси, бадминтон, тўсиқлардан ўтиш эстафетаси ўтказилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, жисмоний фаоллик – соғлом турмуш тарзи ва тананинг тўғри ишлашини таъминлашда зарур омил ҳисобланади. Зўриқишларсиз ва мунтазам жисмоний фаолият тананинг тўғри ишлашини таъминлайди. Жисмоний фаоллик борасида чеклов йўқ. Уни турли машғулотлар орқали амалга ошириш мумкин. Бунда жисмоний машқлар учун кунига 20-30 дақиқадан кам бўлмаган вақт ажратиш тавсия этилади. Масалан, юриш, эрталабки бадан тарбия, велосипедда сайр ва бошқалар. Амалга оширилаётган ҳаракатлар давомий ва тизимли бўлгандагина янада самарали таъсир кўрсатади.

Мутахассисларнинг фикрича, болалар ва ўсмирлар қуйи жисмоний фаолликдан юқори даражадаги фаолликка қадар кун давомида 60 дақиқадан кам бўлмаган вақтда шуғулланиши керак. Қолаверса, таянч-ҳаракат тизимига йўналтирилган машқлар ҳафтасига камида 3 марта бўлиши тавсия этилади.

18-64 ёшдаги катталар ўртача жисмоний фаолликка ҳафтасига икки ярим соат, фаол ҳаракатлар учун эса бир ярим соатдан кам бўлмаган вақт ажратишлари лозим. Инсон учун фойдали, тана аъзоларини бир маромда ишлаши учун ўртача фаол ҳаракатлар ҳафтасига беш соатгача ошириш, жисмоний машқларни эса ҳафтасига 2-3 марта бўлиши мақсадга мувофиқ. 65 ёшдан ошган инсонлар соғлигидан келиб чиқиб, сокин ва кам жисмоний фаоллик ҳафтасига 150 дақиқадан кам бўлмаган вақт ажратишлари мумкин. Албатта, ушбу ҳаракатлар шифокор билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур бўлади.

Муҳими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар ҳафтада ташкил этилаётган ушбу оммавий тадбирларда қатнашувчиларнинг сони ошиб бораётгани, уларнинг жисмоний фаолликка бўлган қизиқиши ҳар қачонгидан ҳам кучаяётгани эътиборга молик. Бу ҳам бўлса, касалликка эмас, унинг профилактикасига асосий эътибор қаратилаётганининг самарасидир.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган даврда “Юриш куни”, “Юриш бўйича марафон куни”, “Саломатлик сари қадам”, “Велосипедда сайр куни”, “5 километр масофага фаол юриш” ҳамда “Соғлом озиш куни” оммавий тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган эди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться