Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хизматга яраша рағбат

2019-04-24 | Жамият

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозими ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий қилинди.

Улар зиммасига «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси ва «Фидокор ёшлар» патруль гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Яқинда Андижон шаҳрида профилактика инспекторлари ёрдамчиларига рухсатнома топшириш, Андижон шаҳар Ички ишлар органларини фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳудудий профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаолларини рағбатлантиришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирок этди.

Вазир тадбирни кириш сўзи билан очиб берди ва профилактика инспекторлари ёрдамчиларига мурожаат қилиб, бу лавозим улардан кучли сабр-бардош, катта масъулият, ўткир зеҳн-идрок, бурчга садоқатни талаб этишини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг оркестр ижросидаги тантанавор марш садолари остида профилактика инспекторларининг 78 нафар ёрдамчисига хизмат рухсатномаси топширилди. Уларга, шунингдек, вилоят ҳокимияти томонидан хизмат велосипедлари ҳам тақдим этилди.

– Деҳқонобод маҳалласига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори ёрдамчиси вазифаси менга топширилганидан фахрланаман, – дейди Ойбек Тожиматов. – Зиммамга юкланган вазифаларни шараф билан бажаришга ҳаракат қиламан.

Тантанали маросимда хизмат фаолиятида фидойилик ва жонбозлик кўрсатган 40 нафар профилактика инспектори пул мукофотлари билан тақдирланди.

Бобосадим маҳалласи ҳудудига бириктирилган майор Исмоил Ортиқов Андижон шаҳар ИИОФМБнинг энг фаол профилактика инспектори сифатида тан олинди. Шунингдек, профилактика инспекторлари – майор Отабек Садиралиев, капитанлар Жаҳонгир Хўжаев, Ҳасанбой Мамажонов, Илҳомжон Салимов, Иззатбек Қаҳҳоров, Масъуд Мамадалиев ва лейтенант Нодирбек Ёқуббековларнинг хизматлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Уларнинг ҳар бирига пул мукофотлари ва сўнгги русумдаги уяли телефонлар топширилди. Қолаверса, маҳалла раислари ва фаоллари тегишлича рағбатлантирилди.

Жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб боргани, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишида ва хизматдаги аъло даражадаги ютуқлари учун профилактика инспекторлари – майорлар Исмоил Ортиқов ва Отабек Садиралиевга «подполковник», лейтенант Нодирбек Ёқуббековга «катта лейтенант» махсус унвони берилди. Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов уларга погонларни тантанали равишда топширди.

Тадбир давомида вилоят ҳокимлиги Андижон шаҳар ИИОФМБга 20 та компьютер жамланмасини ҳадя этди.

– Маҳаллага бош бўлиш осон иш эмас, – дейди «Тараққиёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Матисаева. – Аммо маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, катта лейтенант Н.Ёқуббеков билан ҳамкорликда сезиларли ютуқларга эришишга муваффақ бўлдик. Меҳнатим муносиб баҳоланганидан жуда хурсандман.

Тадбир шахсий таркиб, профилактика инспекторлари ёрдамчилари ва ИИВ Андижон академик лицейи ўқувчиларининг тантанали марши билан якунланди.

 

Борис КЛЕЙМАН, «Postda» мухбири

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Поделиться