Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
2019-04-18 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5708-сон Фармонини ижро этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг(кейинги ўринларда – Вазирлик) ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
бошқарув ходимларининг чекланган сони 132 нафардан иборат Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тузилмаси, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг намунавий тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган сони 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;
туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимларининг намунавий тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган сони 5 ва 5а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирига:
зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппарати, Вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар ва муассасалар тузилмасига ўзгартишлар киритиш;
Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари тузилмаларини ва бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида уларнинг бошқарув ходимлари чекланган сонини тасдиқлаш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда иш ҳақи миқдори ҳамда бошқа тўловларни чет эл валютасида белгилаш ҳуқуқи берилсин.
3. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда билим тарқатувчи мутахассис ва тренерларни тайёрлаш учун Тошкент давлат аграр университети ҳамда унинг Нукус, Андижон ва Термиз филиаллари ҳузурида ўзини ўзи молиялаштириш асосида фаолият кўрсатадиган агротехнологиялар бўйича ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) ташкил этилишинитаъминласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари агротехнологиялар бўйича ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) ташкил этилишини, жойлаштирилишини ва самарали фаолият кўрсатишини таъминласин.
4. Вазирлик:
а) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда интеграциялашган электрон ахборот айирбошлаш тизими ва портали, шунингдек, агротехнологиялар бўйича ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг техник кўмаги ва грант маблағларини жалб этиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар республика ҳудудларининг ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳияти, захира ерлари тўғрисидаги ахборотлар, статистик ва гидрометеорологик маълумотлар, инфратузилма объектлари ва коммуникация тармоқлари билан таъминланганлиги ҳамда соҳага доир бошқа маълумотлардан иборат “invest.gov.uz/agro” Ўзбекистон инвестиция порталида тегишли ахборот блоки ва унинг мобиль иловаси яратилишини таъминласин.
5. Белгилансинки, 2019 йил 1 майдан:
Вазирлик марказий аппарати ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,4 бараварга оширган ҳолда қўлланилади;
ҳудудий бўлинмалар ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,2 бараварга оширган ҳолда қўлланилади.
Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
6. Вазирлик бир ой муддатда:
а) Вазирликнинг янги ташкил этилган таркибий ва идоравий бўйсунувидаги бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек, Вазирлик марказий аппарати ходимларининг лавозим йўриқномаларини тасдиқласин;
Вазирликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларини зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга, Вазирликка юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин;
б) халқаро ташкилотларнинг ва хорижий мамлакатлар молиявий муассасаларининг техник кўмаги ҳамда грант маблағларини жалб қилган ҳолда ҳудудларда агротехнологиялар бўйича ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) тармоқларини босқичма-босқич ташкил этишга доир “Йўл харитаси”ни тасдиқласин;
в) аниқ кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторларга эришишга асосланган Вазирлик, унинг бўлинмалари ва улар раҳбарларининг фаолиятини баҳолашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини стратегик ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш сифати ҳамда самарадорлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирларни кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
8. Вазирлик икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 17 апрель
Манба: ЎзА