Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент Мун Чжэ Ин: Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг жадал яқинлашуви замирида дўстлик ва ишонч муносабатлари мужассам

2019-04-18 | Сиёсат

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарига интервью берди.

– Жаноб Президент, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик истиқболларини қандай баҳолайсиз?

– Аввало, корейс халқи Ўзбекистондан жуда миннатдор эканини алоҳида таъкидамоқчиман. Ўзбек халқи бундан саксон йиллар олдин бошпанасидан айрилган корейс миллатига мансуб фуқароларни ўз бағрига олди. Ўша вақтда Ўзбекистон ва унинг аҳолиси Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан боғлиқ мураккаб даврни бошдан кечирганини ёдга оладиган бўлсак, миннатдорлик туйғуси янада ортади. Корея Республикаси машаққатли йилларда беминнат ёрдам қўлини чўзган ўзбек халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром ва дўстлик туйғуси билан қарайди.

1992 йилда, Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганининг кейинги йили мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Икки давлатнинг бундай жадал яқинлашуви асосида дўстлик ва ўзаро ишонч муносабатлари мужассам эди. Мамлакатларимиз ўртасидаги алмашинувлар кенгайиб, энергетика, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, логистика, ахборот технологиялари ва молия соҳаларида жадал ривожланди. Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми мамлакатларимизнинг алоқалари тарихидаги максимал кўрсаткич – 2,1 миллиард АҚШ долларига етди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқотлар ҳам фаол ривожланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев билан биргаликда халқ ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган давлат бошқаруви фалсафасига амал қиламиз, шахсий муносабатларимиз ҳам яқин дўстлик ва биродарлик руҳида мустаҳкамланиб бормоқда.

Мамлакатларимиз биргаликда яратаётган келажакка катта умид билан қарайман. Халқларимизнинг бир-бирига ишончи ва самимий туйғулари чуқур илдиз отади, амалдаги ҳамкорлик тажрибаси эса, унинг келгуси равнақига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Евроосиёнинг тинчлиги ва муштарак тараққиётини таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилишига ишонаман.

– Жаноб Президент, сизнингча, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларининг сири нимада?

– Мамлакатларимиз азалдан ўзаро ҳамкорлик, алоқа қилиб келган, бир-бирига таъсир кўрсатган. Афросиёб музейидаги деворий суратларда акс эттирилган қадимий корейс элчилари икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишидан гувоҳлик беради. Узоқ муддатли ўзаро алоқалар туфайли тилимиз ва маданиятимизда умумий жиҳатлар юзага келган. Ўзбекистондаги “маҳалла” тузилмаси ва Кореядаги «маил» қишлоқ жамоаларида йўлга қўйилган анъанавий бир-бирига ёрдам бериш ва ҳамкорлик қилиш фаолияти кўп жиҳатдан жуда ўхшаш ва икки мамлакатнинг нечоғли яқинлигидан ёрқин далолатдир.

Мамлакатларимиз мураккаб даврларда бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Ана шу дўстлик ва ишонч алоқаларини ривожлантириш бугун ҳам давом этмоқда. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган корейс миллатига мансуб 180 минг фуқаро икки мамлакатни мустаҳкам кўприкдек бир-бирига боғлаб турибди. Дипломатик муносабатлар ўрнатилгач, биз Ўзбекистон билан алоқаларни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаб, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришдик. Сурғил кони базасида Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши лойиҳаси шулар жумласидандир. Мамлакатларимиз ўртасидаги бундай азалий дўстик келгусида янада яқин ва мустаҳкам бўлади.

– Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, корейс капиталииштирокида Ўзбекистонда фаолият юритаётган юзлаб корхоналарни Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларидаги муҳим омиллар сифатида қайд этиш мумкин. Ушбу соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қандай устувор вазифаларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайсиз?

– Евроосиёнинг умумий тараққиётига доир якдил қарашга эга мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлик борасидаги салоҳияти беқиёс. Истиқболга йўналтирилган иқтисодий ҳамкорлик учун, аввало, институционал асосларни мустаҳкамлаш жоиз. Мазкур давлат ташрифи асносида лойиҳалар ва инвестиция шароитларини янада яхшилаш йўлларини кенг муҳокама қилишни режалаштирмоқдамиз. Мамлакатларимиз компаниялари ҳамкор давлат бозорига дадил кириб бориши ҳамда икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажми янада ошишига ишонамиз.

Икки томонлама ҳамкорликка оид лойиҳаларни амалга оширишнинг янги имкониятларини излаш, жумладан, газ конларини топиш ва электр станциялари қуришни давом эттирган ҳолда, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), 5G мобиль алоқасининг бешинчи авлод технологиялари, космик технологиялар, саноатнинг янги тармоқлари, хусусан, тиббиёт ва биоиндустрия сингари илм талаб қилувчи илғор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ўта муҳим. Ўзбекистон тараққиёти – бу Корея Республикаси тараққиёти демак. Бизнинг мамлакатимиз иқтисодий ривожланишга оид тажриба билан бажонидил ўртоқлашиш ва турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Умид қиламизки, халқларимиз ҳаётида ўз аксини топадиган ижобий ўзгариш ва тараққиётга эришамиз.

– Жаноб Президент, Ўзбекистоннинг Корея Республикаси томонидан амалга оширилаётган “Янги шимол сиёсати”даги ўрни ва роли нимадан иборат?

– Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқалар маркази ҳисобланади. Ўзбекистон тарихи математика, тиббиёт ва астрономия фанларига асос солган Ал Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби буюк мутафаккирлар номи билан боғлиқ экани бежиз эмас. Ўзбекистон турли мулоқотлар воситасида тамаддунлар ривожига хизмат қилган, бугун эса, ана шу восита ёрдамида инновация ва тараққиётга эришмоқчи.

Корея Республикаси ҳам, ўз навбатида, алмашинувлар туфайли тараққий этган. Кореяда ҳозир ҳам қадимий Марказий Осиё билан муносабатлар излари топилмоқда. Бинобарин, биз узоқ вақт давомида бошқа мамлакатлар билан савдо орқали янги маданият ва тамаддунлардан баҳраманд бўлганмиз. Бугунги кунда ҳам технологиялар алмашинуви ва савдога асосланган иқтисодий тараққиёт йўлидан бормоқдамиз.

«Янги шимол сиёсати» Корея ярим оролида барқарор тинчлик ўрнатиш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Евроосиё қитъасида тинчлик ва тараққиётга эришишга қаратилган. Ушбу сиёсат икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасидан чиққан ҳолда Марказий Осиё ва бутун Евроосиёнинг умумий тараққиётига хизмат қилади. “Янги шимол сиёсати”ни амалга оширишда Евроосиёнинг муҳим шериклардан ҳисобланган Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Янги Ипак йўли даври бошланишига умид қиламиз.

– Корея ва Ўзбекистон географик жиҳатдан бир-биридан узоқ бўлса-да, кўпчилик халқларимизнинг миллий характери ва фикрлаш тарзи ўхшаш эканини қайд этади. Жаноб Президент, сизнингча, икки мамлакат ўртасида алоқалар шаклланишида маданий ҳамкорлик ва гуманитар алмашинув қандай аҳамият касб этади?

– Ўзбекистон ва Корея нафақат географик жиҳатдан бир-биридан узоқ, балки уларни пурвиқор тоғлар, баланд тепалик ва саҳролар ажратиб туради. Шунга қарамай, ўзаро муносабатлар ва бир-биримизни янада яхшироқ билишга интилиш тобора кучайиб бормоқда. Бу сафар Тошкентда ўз эшикларини очадиган «Корея маданият ва санъат уйи» халқларимизни янада яқинлаштиришига ишончим комил. Президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида эътибор, Ўзбекистон халқига эса юксак саховат учун миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.

Сўнгги пайтларда Корея Республикасида Буюк Ипак йўли тамаддуни ўчоғи бўлган Ўзбекистонга қизиқиш тобора ортмоқда. Ўйлайманки, ўтган йили жорий этилган визасиз тартиб ва бу йилдан авиарейслар сони оширилгани туфайли келажакда фуқароларимиз ўртасида борди-келди янада кўпаяди. Бундан ташқари, мамлакатларимиз қадим анъана ва маданиятга эга. Умид қиламизки, бу ўзаро алмашинувлар ва мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бу нафақат икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, балки инсоният маданий меросини келажак авлодларга етказишда ҳам улкан аҳамият касб этади.

– Жаноб Президент, “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форумининг Марказий Осиё барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги роли хусусида тўхталсангиз.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиёда ҳамкорлик муҳити қарор топмоқда. Кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш Марказий Осиёнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.

Корея Республикаси 2007 йилдан буён Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги ишларни амалга оширмоқда. “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида ҳар йили Марказий Осиёнинг беш мамлакати ҳукумати, ишбилармон ва илмий доираларининг масъул вакиллари, маданият арбоблари билан алмашинув ва алоқалар, шунингдек, давлат компаниялари ва хусусий бизнес иштирокида қўшма ҳамкорлик лойиҳалари татбиқ этилмоқда. 2017 йил июль ойида Сеулда “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти ташкил этилган эди. Айни пайтда бизнинг мамлакатимиз ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари томонидан транспорт, логистика, энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг иккинчи ярмида Корея Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигига доир XII форум бўлиб ўтади. Мазкур форум вазирлар даражасида ўтказилаётгани унинг аҳамиятини янада оширади. У ядродан холи ҳудуд барпо этиш ва Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига хизмат қилган Марказий Осиёнинг билим ва тажриба алмашиш майдончасига айланишига умид қиламиз. “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми минтақадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаши ва Евроосиёда тинчлик ва тараққиёт концепциясини амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини истаб қолардик.

 

Манба: ЎзА

Поделиться