Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон “бизнес юритиш” рейтингида юқориламоқда

2019-04-17 | Иқтисодиёт

Пойтахтимизда “Doing business” рейтингида Ўзбекистон ўрнини юксалтириш: эришилган натижалар ва устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
 
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ва бошқалар “Doing business” рейтингида Ўзбекистон ўрнини юксалтириш мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ҳамда халқаро савдода мустаҳкам ўрин эгаллашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
 
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, инвестициявий муҳитни тубдан яхшилаш борасида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар натижасида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146- ўриндан 76- ўринга кўтарилди.
 
Ушбу кўрсаткични янада яхшилаш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 5 февралда “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ 2022 йилда “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистонни 20-ўринга кўтариш кўзда тутилган. Бу борада қатор вазирлик ва идоралар зиммасига аниқ вазифалар юклатилиб, тегишли “Йўл харитаси” тасдиқланди.
 
Бундан ташқари, жорий йил март ойида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган “Бизнес юритиш” ҳисоботи методологияси талабларини жорий қилишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
 
Қонун билан кўчмас мулк олди-сотдиси тўғрисидаги шартномани нотариал тартибда албатта тасдиқлатиш, акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятлар устав жамғармасининг энг кам миқдорига қўйилган талаб бекор қилинди, лицензия талабларидаги устав капиталининг энг кам миқдорига тааллуқли нормалар белгиланди. Акциядорлик жамияти устав капиталида камида 15 фоизлик улушга эга инвесторнинг бўлиши ҳақидаги талаб ҳам бекор қилинди.
 
Миллий ва хорижий экспертлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити яхшиланганини, соҳанинг ҳуқуқий базаси жаҳон стандартлари даражасида такомиллашиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, “корхоналарни ташкил этиш”, “қурилишни бошлаш учун рухсатнома олиш”, “мулкни рўйхатдан ўтказиш”, “электр таъминоти тизимига уланиш”, “кредитлар олиш”, “контрактлар бажарилишини таъминлаш” каби йўналишлардаги мавжуд муаммолар маърузаларда таҳлил қилинди ва уларнинг ечимлари юзасидан таклифлар берилди.
 
Шунингдек, давра суҳбатида мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни шакллантиришга тўсқинлик қилаётган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Миноритар, яъни кичик сармоя киритувчи инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиққа тортиш, халқаро савдодаги муаммолар каби мавзулар шулар жумласидан.
 
Анжуманда бизнес хизматлари сифатини ошириш, инвестицияларни янада кенгроқ жалб қилиш, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасида мунтазам мулоқотлар олиб боришга қаратилган долзарб масалалар бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.
 

Нурилло Насриев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться