Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорликни кенгайтиради
2019-04-11 | Иқтисодиёт
Тошкентда 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари делегациялари ўртасида йиғилиш бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ва келажак ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқавий раислик қилган йиғилишда икки мамлакатнинг масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқот фаоллашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24-26 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда янги босқични бошлаб берди.
Ташриф давомида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган ҳужжатлар имзоланди. Мазкур ҳужжатлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, инновацион, ҳарбий-техник ва маданий-гуманитар соҳалар бўйича икки томонлама муносабатларни янада фаоллаштиришга асос бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда барча келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Йиғилишда Бирлашган Араб Амирликларининг давлат бошқаруви тизимидаги эришган ютуқларини Ўзбекистонда татбиқ этиш масаласи кўриб чиқилди. Икки давлат ўртасида Ўзбекистон давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва мамлакат тараққиётининг миллий стратегиясини яратиш юзасидан ўрта ва узоқ муддатларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур ҳамкорлик дастурида ҳукумат акселератори, инновация, давлат бошқаруви ва хизматлари сифати, миллий стратегия, ҳукумат қарорларининг ижро тизими самарадорлиги, раҳбарлар таркибини шакллантириш ва кадрлар захирасини яратиш каби масалалар бўйича тегишли стратегиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
– Биз Ўзбекистонга жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшган ва бугунги кунда ҳам жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қараймиз, – деди Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқавий. – Юртингиз кейинги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлатнинг халқаро миқёсдаги обрўсини мустаҳкамлаш борасида эришаётган ютуқлари бундан далолат беради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда БААга амалга оширган ташрифи мамлакатларимиз муносабатларида тарихий саҳифа очди. Биз Ўзбекистон билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилишга аҳд қилдик.
Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги истиқболли ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишчи гуруҳлар тузиш ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди ва икки томонлама ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Бирлашган Араб Амирликларининг давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасидаги ислоҳотларига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Куннинг иккинчи ярмида икки томонлама ишчи гуруҳларни белгиланган йўналишлар бўйича G2G форматдаги учрашувлари ташкил этилди.
Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.
Матназар Элмуродов, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА