Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида миллий кинематография соҳасида "ОLTIN HUMO" мукофотини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирга санъат ва маданият намояндалари, кино ижодкорлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров, Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси раиси М.Матчонов юртимизда миллий кинематография санъатини янада ривожлантириш, бу соҳада изланаётган ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, халқимиз учун юксак бадиий савияли киноасарларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан бу борада кўплаб ижодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. "ОLTIN HUMO" миллий мукофотининг таъсис этилиши ҳам кино соҳасида самарали изланаётган ижодкорларни аниқлаш, уларни янги ижодий парвозлар сари руҳлантириш, фаолияти эътиборга молик киночиларни халқимизга яқиндан танитишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
"ОLTIN HUMO" миллий кинотақдимотнинг саралаш комиссияси таниқли санъаткорлар, режиссёрлар, операторлар, сценарийнавислардан иборат эди. Ҳакамлар ҳайъатига атоқли режиссёр Юсуф Розиқовнинг раислик қилгани саралаш жараёнининг янада холис ва ҳаққоний кечишини таъминлади, десак янглишмаймиз. Асосий номинацияларга 2017-2018 йилларда яратилган, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган, премьералари ўтказилган картиналар қўйилди. Тақдим этилган ишларнинг бадиий жиҳатдан сифатли эканига, ижронинг пухта ва мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратилди.
"ОLTIN HUMO" миллий мукофоти "Йилнинг энг яхши фильми", "Энг яхши режиссёрлик иши", " Энг яхши эркак роли", "Энг яхши аёл роли", "Томошабин меҳрини қозонган фильм", "Энг яхши ҳужжатли фильм", "Энг яхши компьютер графикаси", "Энг яхши овоз режиссёри", "Энг яхши монтажчи", "Энг яхши грим рассоми", "Энг яхши кино бастакори" каби ўн олти асосий номинациядан иборатдир.
...Тантанали мусиқа янграйди. Миллий кино санъатимиз тамал тошини қўйган устозлар ҳаётига оид видео лавҳа ғоят таъсирчан ва ҳаяжонли. Ўзбек кино мактабининг бой анъаналарини уларнинг машаққати ва меҳнатисиз тасаввур этиш қийин.
Дастлабки номинация эълон қилинади. Ўзбек кинематографияси ривожига қўшган ҳиссаси учун "ОLTIN HUMO" махсус мукофотига устоз санъаткорлар – Бахтиёр Ихтиёров, Абдураҳим Исмоилов, Ҳабибулла Файзиев, Хайрулла Саъдиев, Қамара Камолова, тожикистонлик машҳур актриса Сайрам Исаева муносиб топилди.
– Орадан йигирма йил ўтиб, яна Ўзбекистонда, ўзим таҳсил олган жонажон Тошкентда эканимдан ғоят бахтиёрман, – дейди С. Исаева. – Бизнинг заминимиз, тилимиз, қалбимиз, мақсад-муддаоларимиз ягона. Кино санъати байрами сифатида ўтаётган ушбу тадбир санъат фидойиларига чексиз қувонч бағишламоқда. Бундай мукофот ҳали кўп ишлашимиз, ижод қилишимиз учун имкониятдир.
– "Икки элнинг суюкли фарзанди" номли ҳужжатли фильмимиз "Энг яхши ҳужжатли фильм" номинациясида ғолиб бўлди, – дейди ёш режиссёр Музаффар Қорабоев. – Юртимизда кино санъатини равнақ топтириш учун яхши ташаббуслар ҳаётга татбиқ этиляпти. Санъаткорлар қўллаб-қувватланмоқда. Буларнинг барчаси яна янги-янги картиналарни тасвирга олишга илҳом бағишлайди.
Табдирда кўплаб номинация ғолиблари эълон қилинди ҳамда уларга ""ОLTIN HUMO" миллий мукофотининг махсус статуэткаси ва дипломи тантанали топширилди.
Назокат Усмонова, Тeмур Мамадаминов (сурат)ЎзА
Манба: ЎзА