Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон – Беларусь қўшма мажлиси

2019-04-10 | Фан

Минск шаҳрида 9 апрель куни Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Беларусь биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Беларусь Республикаси Фан ва технологиялар давлат қўмитаси раиси Александр Шумилин раислигида ўтган тадбирда қўшма комиссиянинг ҳар икки давлат аъзолари, илмий доира вакиллари иштирок этди.

Мажлис ишчанлик ва конструктив руҳда ўтди. Унда томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканини қайд этди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг 2018 йил сентябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи чоғида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилганди.

Ушбу ҳужжат асосида ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон – Беларусь ўртасида илмий-техник ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Инновацион лойиҳаларни жадаллаштириш ва тижоратлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон томони икки давлат технопарклари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Тадбир доирасида энергетика, тиббиёт, ахборот-коммуникация, рақамли иқтисодиёт, аэрокосмик, робототехника, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология соҳаларида, агросаноат, кимё, тоғ-кон саноатларида инновацион технологияларни қўллаш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистон – Беларусь илмий-техник ҳамкорлигининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Шунингдек, 2019-2021 йилларда илмий-техник лойиҳалар танлови доирасида тақдим этилган ишланмаларга юқори баҳо берилди, Ўзбекистон – Беларусь уч йиллик илмий-техник ҳамкорлик дастурини тасдиқлашга келишилди. Илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш мақсадида олимлар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-техник ва инновацион соҳаларда конференциялар, семинарлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш бўйича умумий ёндашувлар ишлаб чиқилди.

Шу куни Ўзбекистон делегацияси Беларусь Миллий техника университетида бўлиб, таълим муассасаси қошида ташкил этилган технопарк фаолияти билан танишди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнабод” технопарки ва Беларусь Миллий техника университети қошидаги “Политехник” технопарки ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Манба: ЎзА

Поделиться