Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда “Таълимда инновация” Республика саммити ташкил этилди
2019-04-09 | Инновация
Наманган вилоятида “Innovative Education Summit 2019” – “Таълимда инновация” Республика саммити бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида фаолият олиб бораётган иқтидорли, фаол ва ташаббускор, юксак салоҳиятли инглиз тили фани муаллимлари, профессор-ўқитувчиларни ўзида жамлаган саммит кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Саммитнинг тантанали очилиш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бабахoджаев, Республика Таълим маркази раҳбарияти, НамДУ ректори, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда дастур бўйича тренер АҚШлик Шаннан Роуч иштирок этди.
Сўзга чиққанлар хорижий тилларни ўргатиш борасида янги метод ҳамда технологияларни амалда кенг қўллаш ва тажриба алмашишга қаратилган саммит таълим сифатини ошириш, инглиз тилини ўқитиш тизимини янада яхшилашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Эътиборлиси, саммит Жанубий Корея ҳамда Ҳиндистоннинг нуфузли ўқув муассасалари билан телекўприк ўрнатилган ҳолда ташкил этилиб, мазкур жараёнда икки мамлакатдаги педагоглар, шунингдек, 2000 нафардан зиёд таълим соҳаси вакиллари фаол иштирок этди. Қолаверса, саммит ишини бир вақтнинг ўзида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Учқўрғон, Поп, Чортоқ туманлари ҳамда вилоят педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш ҳудудий марказида ҳам бир неча юзлаб педагоглар ҳамда соҳа вакиллари онлайн тарзда кузатиб борди.
Ўқувчиларнинг инглиз, немис, француз, араб, хитой, корейс ҳамда япон тили каби 7 тилдаги чиқишлари, улар ижросидаги намойишлар саммит ишига янада тантанаворлик бағишлади.
Саммит доирасида ўқитувчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулот, маҳорат дарси ва тренингларда инглиз тилини ўқитишда илғор усул ва технологияларни ўзида мужассам этган лойиҳалар устида иш олиб борди. Амалий машғулотлар илғор таълимий жараён, тажриба ва фикр алмашуви, баҳс-мунозараларга бойлиги билан юксак аҳамият касб этди.
Куннинг иккинчи ярмида саммит қатнашчилари вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, Тўрақўрғон туманидаги хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб ҳамда қадимий Ахсикент ёдгорлик мажмуасида бўлдилар.
Саммитнинг иккинчи кунида гуруҳлар томонидан янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ютуқ, янгилик, янги ташаббуслар ўртага ташланди. Тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга ҳамоҳанг илғор таълимий жараёнлар ҳамда жаҳон тажрибаси билан уйғун равишда ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти долзарб жиҳатларни қамраб олганлиги билан муҳим аҳамият касб этди.
Саммит якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги