Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро бахшичилик фестивали халқ ижодининг нодир намуналарини авлодларга безавол етказади
2019-04-08 | Сиёсат
Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барчани Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиши билан муборакбод этди.
Турли халқларнинг миллий ўзлигини, уларнинг тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир. Жаҳон маданий меросининг бу ўлмас асарлари бизга инсониятнинг наслу насаби, тарихий илдизлари, олижаноб идеаллари бир эканини, бинобарин, турли миллат ва элат вакилларининг келажак сари интилишлари ҳам муштарак эканини англатади, деди Шавкат Мирзиёев.
Табрикда бугунги замон талаби ва қадриятлар ҳимояси, бахшилар ижоди ва олимларнинг вазифаси ҳақида долзарб фикрлар ҳам айтилди. «Фольклор санъати бу – инсониятнинг болалик қўшиғидир», «Бахшилар нафақат халқ ўтмишининг акс-садоси, айни пайтда бугунги куннинг ҳам жарангдор овозидир» деган сўзлар бутун анжуманнинг мазмун-моҳиятини ифодалагандек бўлди.
Халқ достонлари фақат севги-муҳаббат тараннуми эмас, балки маданият, маърифат, тарбия воситаси бўлиб келган. Ёзма манбалар бўлмаган қадимги даврлардаёқ аждодларимиз оғзаки ижод орқали авлодларга мардлик, яхшилик, ҳалоллик, ватанпарварлик, дўстлик ибратини етказган. Шу жиҳатдан, бахшилар эзгулик элчилари бўлган ва ҳамиша эъзозланган.
Бугунги глобаллашув замонига келиб ушбу тарихий санъат эътибордан четда қолди. Катта бахшилар кексайиб, кўп жойларда бу мерос унутилиб бораётган эди. Чунки эътибор, қизиқиш, рағбат йўқ эди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сурхондарёда бахшичилик мактаби ташкил этилгани уни асраб-авайлаш, ёш авлодга етказиш учун яхши шароит яратди. 2018 йил 1 ноябрь куни бу соҳага доир яна бир тарихий қарор - Президентимизнинг «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ташкилий қўмита тузилиб, кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилди. Фестиваль иштирокчилари, хорижлик меҳмонлар ва томошабинлар учун зарур шароит яратилди.
Анжуман ўтказиладиган майдон атрофи байрамона безатилган. Бахшичилик санъатига оид кўргазмалар, миллий соз ва либослар, ўтов ва сўзаналар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, китоблар, альбомлар намойиши ташкил этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев очилиш маросимидан сўнг ушбу кўргазмалар билан танишди. Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардан келган фольклор жамоаларнинг чиқишларини томоша қилди, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини кўздан кечирди. Ижодкор ва ҳунармандлар билан суҳбатлашиб, келгуси ишларига муваффақият тилади.
Халқаро бахшичилик санъати фестивали икки йилда бир марта ўтказилади, достончилик санъатини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, турли халқлар ўртасида дўстлик ва ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу йил биринчи марта ўтказилаётган фестивалда 74 та мамлакатдан 160 дан зиёд вакиллар қатнашмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти