Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХТВ халқаро математика мусобақасига танлов эълон қилади
2019-04-04 | Таълим
Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан 2014 йилдан бошлаб умутаълим мактабларининг 7-синф ўқувчилари халқаро математика мусобақасида иштирок эта бошлади. Мазкур мусобақалар давомида 4 нафар ўқувчидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси шакллантирилади. Синовлар натижасига кўра танлаб олинган 4 нафар ғолиблар ҳар йили юртимиз шаънини ҳимоя қилиб, 30 дан ортиқ мамлакатнинг 600 дан зиёд иштирокчилари ичида ғолиблар шоҳсупасидан жой олиб келмоқда.
Бу йилги мусобақа жорий йилнинг 1-6 август кунлари Жанубий Африка давлатининг Дурбан шаҳрида (IMC-2019) бўлиб ўтиши ва унда Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этиши режалаштирилди. Шу муносабат билан амалдаги Академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини танлаш тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ, 2019 йилнинг 10 апрель куни барча ҳудудларда халқаро олимпиаданинг ҳудудий 1-саралаш босқичи ўтказилиши белгиланди.
Олимпиаданинг саралаш босқичи 2002 йил 1 августдан кейин туғилган 9-10-синф ҳамда 2005 йил 1 августдан кейин туғилган 7-8-синф ўқувчилар орасида ўтказилади.
Юқоридаги талаблардан келиб чиққан ҳолда иштирок этиш истагида бўлган ўқувчилар таълим олаётган мактабининг раҳбари орқали туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига мурожаат этишилари тавсия этилади.
Эътиборли томони шундаки, бу йилги халқаро математика мусобақасида барча иқтидорли болалар учун ўз билимларини синаш имконияти яратилади.
Айни вақтда ҳудудий халқ таълими бошқармаларида халқаро олимпиаданинг саралаш босқичини ўтказишга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Халқаро математика мусобақасининг саралаш босқичига назорат материаллари халқаро экспертлар томонидан тайёрланиб жойларга етказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги