Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Республикаси Бош вазири Қохир Расулзода раҳбарлигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки давлат вазирлик ва идораларининг вакиллари иштирок этди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мажлисда сўнгги йилларда икки қўшни мамлакат ўртасидаги яқин дўстлик, ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани халқларимизнинг туб манфаатларини таьминлашда муҳим омил бўлмоқда. Шунга мувофиқ чегараларимиз очилди. Мамлакатларимиз ўртасида ҳаво, темир йўл ва йўналишли автобус қатновлари йўлга қўйилди. Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар алоқалар янги босқичга кўтарилди. Икки қўшни давлат етакчи корхоналари ва ишбилармон доираларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигига хизмат қиладиган саноат кўргазмалари, бизнес форумлар ташкил этилди. Бу ишлар икки томонлама узоқ ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйиб, товар алмашиш ҳажмининг ўсиб боришида муҳим ўрин тутмоқда. Буларнинг барчаси давлатларимиз раҳбарларининг яқин қўшничиликка асосланган юқори даражадаги фаол алоқалари самарасидир.
Тадбирда икки мамлакат Ҳукумати делегациялари томонидан Ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши давомида эришилган келишувларнинг амалий натижалари сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан тегишли келишув имзоланди.
Холмўмин Маматрайимов, Аъло Абдуллаев, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА