Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухорода Туркия университетининг филиали ва клиникаси очилади
2019-04-02 | Таълим
Мамлакатимизга Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Жевдет Эрдол бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Қайд этиш жоизки, 1903 йилда ташкил этилган мазкур университет Туркияда ягона ихтисослашган тиббиёт университети, шунингдек, Европанинг етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
1 апрель куни делегациянинг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан учрашуви бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этган мулоқотда тиббий таълим соҳасида алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш, ҳамкорликда илмий-маърифий тадбирларни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда Туркия Соғлиқ билимлари университети ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Жумладан, томонлар бакалавр ва магистрантларнинг академик алмашинувини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар учун малака ошириш, турк университетининг филиали базасидаги шифохоналарда ёзги амалиёт ўташ ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш борасида қатор келишувларга эришди.
Бундан ташқари, 2019/2020 ўқув йилида Бухоро давлат тиббиёт институти базасида Туркия Соғлиқ билимлари университети қошидаги Олий тиббиёт мактабининг филиалини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Бухоро давлат тиббиёт институти ҳудудида мазкур тиббиёт университетининг клиникаси ҳам очилади. Таъкидлаш жоиз, икки тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик ўтган йилдан буён изчил ривожланмоқда. Талабалар ҳамда ўқитувчиларнинг илмий алмашинуви борасида фаол иш олиб борилаётир.
Ҳозирда ушбу ҳамкорлик самараси ўлароқ Бухоро давлат тиббиёт институтининг 40дан зиёд профессор-ўқитувчилари ва талабалари Туркияда таълим олди.
Манба: ЎзА