Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини қулай ва завқли велосайрга чорлади
2019-04-02 | Соғлиқни сақлаш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги соғлом турмуш тарзи тарғиботи борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, жорий йил 9 мартда Юриш куни, 16 мартда Юриш бўйича марафон куни ҳамда 23 март куни мамлакатимизда “Саломатлик сари қадам” куни ўтказилди. Ушбу оммавий тадбирлар аҳолида соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириб, жисмоний фаол бўлишга ҳаракат қилишаётгани қувонарли.
Шундан келиб чиққан ҳолда, аввал хабар қилганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида жорий йилнинг 30 март куни, ҳафтанинг навбатдаги шанбасида юртимизда “Велосипедда сайр куни” ўтказилди.
Маълумки, инсон организмида катта захиралар мавжуд. Аммо уларнинг мукаммал ишлаши учун соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва мунтазам жисмоний фаоллик жуда муҳимдир. Велосипедда сайр қилиш ҳам жисмоний фаолликнинг яна бир қулай ва завқли тури ҳисобланади. Шунинг учун ҳам велосипедда сайр қилиш дунё аҳолиси орасида кенг тарқалган. Велосипед сайрининг инсон организмига фойдали томонларига тўхталадиган бўлсак, аввало, тана аъзоларини “уйғотиб”, мушакларни фаоллаштиради. Педалларни айлантиришдаги ритмик ҳаракатлар сон, тос, болдир ва умуртқа поғонасини мустаҳкамлайди. Велосипед сайридан завқ олиш учун кам тезликда, мўътадил ҳаракат қилиш лозим.
– Велосипедда сайр қилиш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, юракнинг жисмоний зўриқишларга чидамлилигини оширади. Қон айланиши ва модда алмашинувининг яхшиланишига олиб келади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элъмира Баситхонова. – Шу боис, доимий велосипедда сайр қилиш кўпгина касалликлар, жумладан, юракнинг ишемик хасталиги, инфаркт ва инсультдан сақланишга ёрдам беради. Нафас олиш ритмини ривожлантиришда ҳам велосайр муҳим ўрин тутади. Тез ва фаол нафас олиш ҳисобига қоннинг кислород билан тўйиниши ошади, ўпкада ҳаво алмашинувини таъминловчи метаболик жараёнлар яхшиланади.
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, тизимли ҳаракатлар ёғларнинг эришига, ортиқча суюқликдан қутулиб, ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради. Шунингдек, соғлом озиш жараёнида ҳам велосайрнинг аҳамияти беқиёс. Эътиборли жиҳати, велосайр бахт гормонлари миқдорини оширишнинг ҳам қулай йўлидир. Бундан ташқари, велосайр уйқуни яхшилайди, мия ишини фаоллаштириб, фикрлаш қобилиятини кучайтиради.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган оммавий велосипед сайрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати, ихтисослаштирилган марказлар ва клиникалар шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда коллеж ўқитувчи ва талабалари, ДСЭНМ, стационар ва амбулатор-поликлиника муассасалар ходимлари фаол иштирок этишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги