Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Апрель ойида Европа иттифоқи делегацияси Оролбўйи ҳудудига ташриф буюради
2019-04-01 | Иқтисодиёт
2019 йил 20-22 март кунлари Ўзбекистон делегацияси Женевада ўтказилган БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) нинг барқарор ривожланиши бўйича минтақавий форумида иштирок этди.
Асосий масалалардан бири Орол денгизи минтақаси ҳудудидаги иқлим муаммоси, шунингдек, Оролбўйи ҳудуди учун молиявий ва техник ёрдам ресурсларини Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондига (КТШТФ) жалб қилиш бўлди. Мазкур тадбир доирасида БМТнинг Женевадаги идорасида рўйхатдан ўтган журналистлар учун Маданият саройида, КТИЖнинг дастури, мақсад ва вазифалари тўғрисида алоҳида матбуот анжумани ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси БМТ агентликлари раҳбарлари, хусусан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ), ЮНЕПнинг Европа бўйича минтақавий ваколатхонаси, Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Глобал кун тартиби бўлими ҳамда Орол денгизи минтақасида КТШТФ билан ҳамкорлик қилиш масаласи бўйича Финландия таълим ва халқаро маданий алоқалар вазирлиги билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Учрашув якунида томонлар ихтисослаштирилган тузилмаларни ташкил этишни кучайтириш ҳамда Орол денгизининг траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун масъул экспертлар ва вакилларни тайинлаш зарурлигини бир овоздан маъқуллашди. ЖССТнинг КТШТФ Бошқарув қўмитасига аъзо бўлиш учун БМТнинг штаб-квартираси билан маъмурий битим имзолаш масаласи илгари сурилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон делегациясининг аъзолари Женевада бўлиб ўтадиган Савдони ривожлантириш бўйича юқори даражадаги семинарда ҳамда Ашхабодда ўтказиладиган БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури (МОИМД) қатнашчилари учун ташкил этилган иқтисодий форумда иштирок этишга таклиф қилинди. Шунингдек, 2021 йилда Тошкентда МОИМД доирасида Европа ҳамкорларининг таклифига биноан, савдони осонлаштириш бўйича минтақавий анжуман ўтказиш таклифи ҳам кўриб чиқилади.
Ташриф давомида делегация Брюсселга борди ва у ерда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили П.Буриан, шунингдек, Европа ташқи ишлар хизмати, Европа инвестиция банки ҳамда Белгия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан учрашди.
Учрашувлар чоғида Европа Иттифоқи ва Белгия вакиллари Ўзбекистон ва БМТнинг Фонд ташкил этиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлашларини ҳамда Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтириш борасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишларини маълум қилди.
Айнан шу мақсадда ЕИ делегацияси апрел ойининг бошида Ўзбекистон эҳтиёжларини ўрганиш ва Европа Иттифоқи институтлари ҳамда аъзо мамлакатларга ушбу йўналишда ўзбек томони билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари тўғрисида тавсиялар тайёрлаш учун Оролбўйи ҳудудига ташриф буюради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги