Жорий йилнинг 4 апрель куни Тошкент халқаро бизнес-марказида “Тошкент” Республика фонд биржаси томонидан Ўзбекистон фонд бозори тарихида илк бор Эмитент куни ўтказилади. Тадбир мамлакатимиз фонд биржасида қимматли қоғозлари фаол сотилаётган акциядорлик жамиятлари фаолиятига бағишланади.
“Тошкент” Республика фонд биржасидан олинган маълумотларга кўра, тадбир дастурига қимматли қоғозлар бозорининг экспертлари, фаол иштирокчиларининг маърузалари ва эмитентнинг молиявий фаолият, стратегик режалар ва қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларига бағишланган тақдимоти киритилган.
Таъкидлаш жоизки, бундай форматдаги тадбир кўплаб хорижий фонд биржаларида сармоядорлар, мутахассислар, инвестиция воситачилари ва уларнинг мижозлари, шунингдек, бозор таҳлилчиларини эмитентга жалб этиш мақсадида кенг қўлланилади.
Эмитент куни бағишланадиган илк эмитент “Кварц” акциядорлик жамияти бўлади. Чунки айнан мазкур жамият мамлакатимиз тарихида биринчилардан бўлиб, ўз акцияларини оммавий равишда жойлаштирди (IPO). Бу эса фонд бозоридаги савдоларни фаоллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шу тариқа жорий йилнинг 4 апрель куни “Кварц” акциядорлик жамияти акцияларининг мамлакатимиз фонд биржасига чиқарилганига бир йил тўлади.
Келгусида “Тошкент” Республика фонд биржаси эмитентлар ва инвестиция сармоядорлари иштирокида бу каби тадбирларни мунтазам ўтказишни режалаштирмоқда. Бу эмитентнинг янги акциядорлар ва салоҳиятли сармоядорлар билан ўзаро муносабатларини ривожлантиришда муҳим туртки бўлади.
Эмитент – ўз номидан ва ўз фаолияти доирасида қимматли қоғозлар ёки тўлов воситаларини муомалага чиқарадиган юридик шахс ёки давлат ижро ёхуд маҳаллий ҳокимият органидир. Эмитент ушбу қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқларини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Эмиссия – бу давлат томонидан ҳам пул белгиларини чиқариш, ҳам банклар томонидан турли тўлов тизимлари пластик карталарини тарқатишни ўз ичига оладиган кенг қамровли тушунчадир.
Роман Бондарчук, ЎзА
Манба: ЎзА