Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар ўзлари ўқиган мактабга китоб совға қилади
2019-03-26 | Жамият
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қарор топган амалиётга мувофиқ, парламент қуйи палатаси депутатлари 2019 йил 27 – 31 март кунлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказади.
Учрашувлар чоғида депутатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини одамларга етказиш, Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда уларда белгиланган устувор вазифалар ҳақида тушунтиришлар беради.
Шунингдек, парламент аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда янги қабул қилинган қонунлар тўғрисида сайловчиларни хабардор қилади. Халқни ўйлантираётган, сайловчиларни қийнаётган муаммо ва масалаларни ўрганади.
Депутатларнинг мазкур учрашувлардан кўзлаган энг асосий мақсадларидан бири эса, маърифат, зиё тарқатиш билан боғлиқ бўлади. Яъни, улар жойлардаги таълим муассасалари, хусусан, ўзлари ўқиган мактаблар кутубхонасига шахсий жавонидан китоблар совға қилади.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган бешта муҳим вазифалардан бири ҳам айнан навқирон авлод ўртасида китобга меҳрни уйғотиш ташаббуси билан боғлиқ бўлди.
Ушбу хайрли ташаббусни амалга оширишга барча раҳбарлар қатори халқ вакиллари — депутатлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси