Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами тантаналарида иштирок этди
2019-03-21 | Сиёсат
Шу кунларда мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланмоқда. Тошкент шаҳридаги тантанали тадбир 21 март куни “Humo Arena” мажмуасида бўлиб ўтди.
Мажмуа атрофи байрамона безатилган. Наврўзга хос анъаналаримиз, халқ амалий санъати кўргазмаси ва дор ўйинлари ташкил этилган. Сўрилардаги дастурхонларга баҳорий таомлар тортилган.
Карнай-сурнай садолари янграб, байрам бошланаётганидан дарак берди.
Тантана иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди.
Давлатимиз раҳбари барчани Наврўз байрами билан табриклади.
– Мана шундай файзли, шодиёна айёмда барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва овулларда Наврўз сайлини ўтказаётган барча-барча юртдошларимизга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин! Шарқона Янги йилимиз – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин, – деди давлатимиз раҳбари.
Байрам шўх-шодон қўшиқлар, рақслар билан давом этди. Саҳнада мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди анъаналари, ўзига хос санъати, халқ ўйинлари ифодаланди. Фольклор-этнографик жамоалар деҳқончиликка барака тилаб, Наврўз, табиат, меҳр-оқибат ҳақида қўшиқлар айтди. Эстрада хонандаларининг чиқишлари, болакайларнинг ўйин-кулгулари барчага завқ-шавқ улашди.
Саҳна ортидаги йирик мониторларда юртимиз табиати, халқимизнинг фаровон ҳаёти, кейинги йиллардаги бунёдкорлик ишлари намойиш этилди.
Халқимиз бу йилги Наврўзни ҳам улкан ютуқлар билан кутиб олди. Юзлаб уй-жойлар, замонавий корхоналар, маданият ва спорт саройлари қурилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа соҳаларда стратегик лойиҳалар амалга оширилди. Иқтисодиётни барқарор қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йили аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди.
Очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат олиб борилаётгани туфайли мамлакатимизнинг халқаро обрўси ортди. Қарийб йигирмата давлатлараро расмий ташрифлар амалга оширилиб, жуда муҳим ва истиқболли келишувларга эришилди. Қўшни мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳамкорлик руҳидаги муносабатлар янада мустаҳкамланди.
Бу каби ўзгаришлар натижасини ҳар бир оила, ҳар бир жамоа ўз ҳаёти мисолида кўрмоқда, сезмоқда. Байрамларни шоду хуррамликда, тинчлик-хотиржамликда кутиб олмоқда.
Байрам тадбирида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, парламент ва ҳукумат аъзолари, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган ватандошларимиз, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Наврўз сайиллари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, туман, қишлоқ ва овулларда давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти