Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Ҳурматли Халқаро хоккей федерацияси президенти Рене Фазель жаноблари!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, сизларни Наврўз байрами арафасида, гўзал баҳор кунларида Ўзбекистон заминида самимий қутлайман. Барчангизга чуқур ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни билдиришдан бениҳоя мамнунман.
Бугун пойтахтимиз марказида ишга туширилаётган замонавий спорт кошонаси – “Ҳумо арена”га ташриф буюриб, қувончимизга шерик бўлаётганингиз учун сизларга катта раҳмат!
Ушбу тантанали маросимда иштирок этаётган жаҳон спорти юлдузлари, машҳур маданият ва санъат арбоблари, дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи компаниялар раҳбарларига қарата айтмоқчиман:
Хуш келибсиз, меҳмондўст Ўзбекистон заминига!
Азиз дўстлар!
Бугун биз юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар ва жадал ўзгаришларни амалга оширмоқдамиз. Ва бу йўлда жисмоний соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш бизнинг устувор вазифамиз ва биз бунинг учун бор куч ва маблағларимизни сафарбар этамиз.
Шу маънода, биз жисмоний тарбия ва спортга алоҳида эътибор бермоқдамиз.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто энг олис туманларда ҳам замонавий ва фойдаланиш учун қулай спорт инфратузилмаси барпо этилмоқда. Кейинги икки йилда мамлакатимизда спорт билан доимий шуғулланадиганлар сони икки баробар кўпайди.
Юртимиз спортчилари турли халқаро мусобақаларда мингдан зиёд медалларни қўлга киритди, улардан 400 дан ортиғи олтин медаллардир. Ҳозирги вақтда бокс, дзюдо, эркин кураш, бадиий гимнастика, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича Ўзбекистонда шаклланган мактаблар бутун дунёда маълуму машҳурдир.
Мамлакатимизда ўтказилаётган нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, дунё ва қитъа чемпионатлари сони йил сайин ортиб бормоқда. Биз 2030 йилда Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш ташаббуси билан чиқдик.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Биз спортчиларимиз қишки спорт ўйинлари, жумладан, энг қизиқарли бўлган фигурали учиш, хоккей, тоғ-чанғи спорти, фристайл, сноуборд ва бошқа спорт турлари бўйича Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишига интилмоқдамиз.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаёқ Тошкентда “Юбилейний” муз спорти саройи, “Бинокор” хоккей жамоаси, Тошкент вилоятида тоғ-чанғи трассаси мавжуд бўлган.
Бизнинг бу борада эришган ютуқларимиз орасида фристайл бўйича қишки Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида қўлга киритилган олтин медаллар, фигурали учиш бўйича Осиё ўйинлари ва бошқа халқаро мусобақаларда эришилган 70 дан зиёд медаллар борлигини таъкидлаш лозим.
Биз спорт соҳасидаги ана шундай шонли анъаналарни давом эттиришни ўз бурчимиз деб биламиз.
Ўтган йили мамлакатимизда тўртта хоккей клуби ташкил этилди. Бу йил февраль ойида шайбали хоккей бўйича биринчи бор Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Ўзбекистон спортчилари яқинда Красноярскда ўтказилган Бутунжаҳон қишки универсиадасида илк бор иштирок этди.
Ушбу замонавий муз саройининг ишга туширилиши Ўзбекистон спорти тарихида янги босқични бошлаб беради, десак, ўйлайманки, муболаға бўлмайди.
Мазкур иншоот ўзининг илғор меъморий ва муҳандислик-қурилиш ечимлари, техник жиҳозланиш даражасига кўра ноёбдир. Биз ҳамкорларимиз – етакчи компанияларнинг энг сўнгги ишланмаларини жалб этишга ҳаракат қилдик.
Ишончим комилки, “Ҳумо арена” юксак малакали спортчиларни тайёрлаш ва Ўзбекистонда йирик халқаро мусобақалар ташкил этиш ва энг асосийси – ёшларимизни қишки спорт турларига кенг жалб этишга хизмат қилади.
Бундай мажмуа ва марказларни биз келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам барпо этамиз.
Шу муносабат билан бугунги тадбирда иштирок этаётган ҳурматли меҳмонларимиз – машҳур спортчи ва мураббийлар – дунё спорти юлдузларига мурожаат қилиб, айтмоқчиман: биз сизнинг қўллаб-қувватлашингиз, билим ва маҳоратингиз, улкан профессионал тажрибангизга ишонамиз.
Қадрли дўстлар!
Бизнинг пойтахтимизга узукка кўз қўйгандек ярашиб турган, сизларнинг иштирокингизда фойдаланишга топширилаётган бу замонавий спорт саройи ушбу йўналишдаги ишларнинг дастлабки амалий натижасидир.
Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, барча халқаро талабларга жавоб берадиган ушбу ноёб комплекс спортни севадиган халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбидаги орзунинг амалий ифодаси бўлди.
Ана шу орзуни ҳақиқатга айлантирган, қисқа муддатда шундай улуғвор мажмуани барпо этган лойиҳачи, меъмор, қурувчи, ва муҳандисларга, чет эллик мутахассисларга, бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга чуқур миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
Ҳеч шубҳасиз, бугунги кун миллий спортимиз тарихида ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Бутун кўп миллатли халқимизни, ушбу тадбиримизнинг барча иштирокчилари ва меҳмонларини бугунги тарихий воқеа – “Ҳумо арена” спорт саройининг очилиши билан чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга тинчлик-омонлик, улкан зафарлар ва янгидан-янги муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун катта раҳмат.