Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бангладешда Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдим қилинди

2019-03-15 | Туризм

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Бангладеш Сайёҳлик компаниялари ассоциацияси ҳамкорлигида Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида мамлакатимиз туризм ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Тадбирларда йирик сайёҳлик агентликлари, жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари қатнашди.

Иштирокчиларга юртимизнинг иқтисодий ва туризм салоҳияти, соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилаётган шарт-шароит ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Тақдимотларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм борасидаги салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, юртимиздаги ислом маданияти марказлари, муқаддас қадамжолар ҳақида видеолавҳалар намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари қадимий шаҳарларимизда сақланаётган жаҳон аҳамиятига молик тарихий-маданий мерос намуналари бангладешлик сайёҳлар орасида машҳур экани ва кейинги йилларда Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагида бўлганлар сони ортиб бораётганини таъкидлади.

– Бангладеш билан Ўзбекистон ўртасида анъанавий дўстона муносабатлар ривожланиб келган, – деди Бангладеш Сайёҳлик компаниялари ассоциацияси президенти Манзур Муршид. – Умумий тарихимиз ва ўзаро муштарак маданиятларимиз бунда муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистоннинг бангладешлик сайёҳлар учун жозибаси баланд. 

Юртимиз сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, виза тизими эркинлаштирилгани ва сайёҳларга кўплаб қулайликлар тақдим этилаётгани сайёҳлик компаниялари учун ҳам янги имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга Дакка ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилмагани сайёҳлар оқимига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонга саёҳат қилмоқчи бўлган бангладешлик сайёҳ учинчи мамлакат, асосан, Ҳиндистон, Таиланд ёки Дубай аэропортлари орқали Тошкентга етиб келади. Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида ҳаво қатнови йўлга қўйилиши нафақат туризм, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ривожига ҳисса қўшади, халқларимизнинг янада яқинлашишига хизмат қилади.

– Сайёҳлик компаниямиз асосан зиёрат туризмига ихтисослашган, – деди “Muna Travels and Tours Ltd” сайёҳлик компанияси раҳбари Муҳаммад Ҳилол. – Ушбу тадбирда Ислом маданияти марказларидан ҳисобланган Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги имкониятлари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлдик. Ўйлайманки, бу йўналишда ўзаро фойдали ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу йилги мавсумдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларга сайёҳлик гуруҳларини ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться