Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
PEFA: Ўзбекистон барқарор ва самарадор давлат бюджетига эга
2019-03-15 | Иқтисодиёт
Тошкентда 14 март куни Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи кўмагида олиб борилган Ўзбекистонда давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик (PEFA)ни баҳолаш натижалари тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, Жаҳон банки, Европа Иттифоқи экспертлари иштирок этди.
PEFA кўмагида давлат маблағларини бошқариш самарадорлигининг пухта, изчил ва аниқ маълумотларга асосланган таҳлили амалга оширилади. Ҳозирги кунга қадар 150 мамлакатда халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар асосида 600 дан ортиқ ана шундай баҳолаш ўтказилган.
Мамлакатимизда давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик бўйича олиб борилган таҳлиллар соҳада тараққиёт кўрсаткичларини баҳолаш ва мавжуд тўсиқларни аниқлаш имконини бериши билан аҳамиятли.
Ўзбекистонда бундай ўрганиш илк бор 2012 йилда олиб борилган. Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи экспертлари 2018 йил сентябрь ойидан жорий йил январига қадар навбатдаги баҳолашни ўтказди.
Тақдимотда баҳолаш натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон барқарор ва самарадор давлат бюджетига эга. Шунга қарамай, мамлакатимиз олдида давлат активлари ва мажбуриятларини бошқаришни яхшилаш, ўрта муддатли бюджетни ривожлантириш, фискал стратегияни ишлаб чиқиш, давлат маблағлари харажатлари очиқлигини таъминловчи ишларни давом эттириш вазифалари турибди. Бундан ташқари, ҳисоб-китоб ва аудит соҳасида халқаро стандартларни жорий қилиш зарурати ҳам бор.
– Ўзбекистонда 2017 йилда бошланган ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс. – Буни PEFAнинг баҳолаш натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Яъни 2012 йилги кўрсаткичлар билан солиштирганда, Ўзбекистонда юқори ўсиш суръатларига эришилган.
Тадбирда Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори баҳолаш натижалари давлат маблағларини бошқаришнинг янада самарали тизимини яратиш, давлат бюджетининг очиқлиги эса инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистонда PEFAнинг жорий баҳолаш натижалари мамлакатимизнинг 2018-2025 йилларга мўлжалланган Давлат маблағларини бошқаришни ислоҳ қилиш стратегиясини янгилашда қўлланилади.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА