“Ўзбекистонда папиллома вирусига қарши янги вакцинанинг татбиқ этилиши: мақсад ва кутилаётган натижалар” мавзусида матбуот анжумани
Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистонда папиллома вирусига қарши янги вакцинанинг татбиқ этилиши: мақсад ва кутилаётган натижалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. – Мамлакатикамиз миқёсида мазкур касаллик туфайли вафот этганлар сони ўтган давр мобайнида ўртача йилига 585 тани ташкил этмоқда. Яъни ҳар куни деярли икки ўзбекистонлик бачадон бўйни саратонидан вафот этмоқда. Ушбу касалликни одам папилломаси вируси келтириб чиқаради”.
Мутасаддилар ушбу вирусга қарши эмлаш амалиёти Австралия, Шотландия, Финляндия, Янги Зеландия каби мамлакатларда узоқ йиллардан бери қўллаб келинаётганини айтди.
Ўзбекистонда ҳам 2010 йилда бир неча вилоятларда 8 минг нафар қиз шу вакцина билан эмланган. Эмлашнинг ҳеч қандай ножўя таъсири ёки асорати кузатилмаган.
“Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш мутлақо хавфсиз, бу вакцина инсон саломатлигига зарар етказмайди, халқаро ташкилотларнинг ижобий хулосалари бор, – деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова. – Бу вакцина бепуштликни келтириб чиқариши, аутизмга олиб келиши ҳақида одамлар орасида тарқалаётган ҳар хил гап-сўзлар асоссиз, нотўғри маълумотлардир”.
Вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабоевнинг билдиришича, вакцина АҚШда ишлаб чиқарилган. Ген муҳандислик технологиялари ёрдамида тайёрланган мазкур вакцина 7 млн АҚШ доллари эвазига Ўзбекистонга олиб келинмоқда.
2019 йилнинг октябрь ойида 9 ёшдаги 400 минг нафар қиз ОПВга қарши эмланади. Эмлаш бепул бўлиб, келаси йил апрель ойида такроран ўтказилади.
2020 йилдан 14 ёшгача бўлган қизлар ОПВга қарши эмланади. 14 ёшдан катта бўлган хотин-қизлар тўлов эвазига ушбу вакцина билан эмланиши мумкин. Вакцина 45 ёшгача бўлган аёлларда қўлланилиши мумкин.
Анжуманда маълум қилинишича, тиббиёт ходимларига янги вакцинадан тўғри ва хавфсиз фойдаланишни ўргатиш мақсадида махсус ўқув курслари ташкил этилади.
Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги