Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сергели туманида Коворкинг маркази очилди
2019-03-13 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги 3856-сон қарори бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан “Ground Zero” ҳамкорлигида Сергели туманида коворкинг маркази ташкил этилди.
2019 йилнинг 12 март куни мазкур коворкинг марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов, Korzinka.uz тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов, “Ground Zero” раҳбари Ҳикмат Абдураҳмонов, Bookcafe, TOP-Contact асосчиси Лазиз Адхамов ҳамда бошқа масъуллар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Коворкинг маркази мустақил фаолият юритувчи (фрилансер) турли соҳа вакиллари, шахсий бизнес режаларини юзага чиқариш истагида бўлган фуқаролар учун қулай шароитларга эга иш жойи ҳисобланиб, у ерда касбга йўналтириш, ОТМ ва коллеж битирувчиларининг малакасини ошириш, самарали ишга жойлашиш бўйича мунтазам курслар, мастер класслар ва семинарлар ўтказиб борилади.
Марказнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг мутасаддилар ва муваффақиятли бизнес вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Мулоқот давомида асосий эътибор давлат ва хусусий шерикчилик муносабатлари, давлат томонидан хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Келгусида марказ фаолияти орқали аҳоли бандлиги ва хусусий бизнесни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликда қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги