Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳукуматлараро қўмитаси мажлиси

2019-03-05 | Сиёсат

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 4 март куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи савдо, инвестиция, банк-молия, транспорт, энергетика, нефть-газ, машинасозлик, кимё, қурилиш, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, фан-таълим, тиббиёт, туризм каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев, Корея Республикасининг савдо, саноат ва энергетика вазири Сунг Юн Мо ва бошқалар мамлакатларимиз муносабатлари кўплаб йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда қатор соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўрнатилган самарали ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон билан Корея Республикасини тарихий муносабатлар, ишонч руҳидаги дўстлик ва стратегик шериклик боғлаб туради. 

Корея Республикаси Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартириш, электрон ҳукумат тизимини жорий этиш, энергетика, кимё, автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган юқори технологик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жўғрофий жойлашуви, сармоя жалб этиш бўйича ишончли стратегияси кўплаб давлатлар қатори Жанубий Корея ишбилармонларини ҳам қизиқтириб келмоқда. Ушбу давлатнинг Марказий Осиё билан ўзаро савдо айланмаси ҳажмининг ярмидан ортиғи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келиши ҳам бунга мисолдир. 

Мамлакатимизда ҳамкор давлатнинг 70 дан ортиқ компанияси ваколатхоналари бор. Иқтисодиёт тармоқларида Корея инвестицияси иштирокидаги 630 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. 2018 йилда 150 дан ортиқ ана шундай корхона ташкил этилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этди. Бу 2017 йилга нисбатан 57 фоиз кўп. 

Ўзбекистон Президенти фармони билан Корея Республикаси фуқаролари учун виза тартибида енгиллик берилди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун барча имконият етарли. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган узоқ муддатли келишувларни тўла рўёбга чиқариш Ўзбекистон – Жанубий Корея савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш имконини беради. 

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонда бизнес юритиш учун кенг шароит яратилгани, иқтисодиётни либераллаштириш, валюта сиёсати, божхона тўловларини қисқартириш бўйича қонунчилик базаси такомиллаштирилаётгани инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. 

Тадбирда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг мамлакатимизга ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, ишбилармон доиралар мулоқотини рағбатлантириш, ҳудудлараро делегациялар алмашинувларини қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди. 

Мажлисда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида қабул қилинган шартномалар доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Уларни самарали рўёбга чиқаришга қаратилган қўшма марказлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди. 

– Мамлакатларимиз йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бой тажрибага эга, – дейди Корея Республикаси Энергия бошқаруви корпорацияси ижрочи директори Го Жэ Ёнг. – Корхонамиз Ўзбекистонда ГЭСларни модернизация қилиш, соҳага юқори технологик ишланмаларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш ниятида. Мулоқот доирасида ҳамкорлар билан ушбу йўналишдаги масалалар ҳақида фикрлашиб олдик. 

Анжуманда Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган темир йўллар қуриш, экологик тоза автомобиллар ишлаб чиқариш, туризм, ақлли шаҳар инфратузилмаларини яратиш лойиҳалари, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бошқа масалалар муҳокама этилди. 

Тадбир доирасида Корея Республикаси Савдони ривожлантириш агентлигининг Тошкент бизнесни қўллаб-қувватлаш маркази очилиши бўлиб ўтди. Ҳамкор мамлакатнинг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги билан ташкил этилган тузилма дунёнинг Дубай, Сан Паулу, Москва, Йоҳаннесбург, Ханой каби шаҳарларида мавжуд. Марказнинг асосий вазифаси – мамлакатда инфратузилмани ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни тараққий эттиришдан иборат. 

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться