Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастури ўз ишини бошлади
2019-03-04 | Технологиялар
2019 йил 2 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 12-14 ёшдаги (кичик гуруҳ) ҳамда 15-17 ёшдаги (катта гуруҳ) қизларни IT-технологиялар соҳасига жалб этиш ва уларнинг салоҳиятини оширишга мўлжалланган DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастури ўз ишини бошлади.
DigiGirlz – Microsoft компаниясининг лойиҳаси бўлиб, таълим, фан, технология, муҳандислик ва математика соҳасидаги инвестиция дастури ҳисобланади. Мазкур дастур ёш қизларга технология соҳасини ҳамда янги инновациялар билан танишиш имконини беради. Шунингдек, дастур ходимларни иқтисодиётнинг глобал муаммоларига тайёрлаш учун мўлжалланган.
Таълим дастури икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда иштирокчилар Microsoft компанияси вакиллари ҳамда АКТ соҳаси мутахассисларининг маърузаларини тинглайди. Ушбу маърузалар қизларга ахборот технологиялари соҳасидан нималарни кутишни ва мазкур соҳада ишлаш орқали нималарга эришиш мумкинлигини тушунишга имкон беради.
DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan дастурининг иккинчи қисми иштирокчи қизларга IT-технологиялар мароқли ва қизиқарли эканини намойиш этишга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, иккинчи қисм амалий машғулотлардан иборат бўлади. Қизлар муҳандислик бўйича семинарларда иштирок этадилар ва Arduino ёрдамида роботлар яратишни ўрганадилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги