Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Инвестиция – иқтисодиёт драйвери

2019-02-25 | Иқтисодиёт

Парламент қуйи палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмиталари аъзолари Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосарининг мамлакатимизда инвестиция иқлимини яхшилаш, иқтисодиётнинг устувор соҳа ва тармоқларига инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорларга, чет эллик инвесторларга яратилаётган имкониятлар, истиқболдаги вазифалар тўғрисидаги ахборотини эшитди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги пайтларда юртимизда хорижий инвестицияларни фаол жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
 
Бунинг натижасида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 2018 йилда 2,8 миллиард долларга етиб, 2017 йилдаги прогноз кўрсаткичларидан 7 фоиз кўпроқни ташкил этди. Хорижий капитал иштирокида 2 минг 162 янги корхона очилди. Ҳозирги кунда хорижий сармоя иштирокида фаолият олиб бораётган корхоналарнинг умумий сони 7 мингдан ортган.
 
Хорижий компаниялар, жамғармалар ва банклар билан тузилган шартномалар доирасида, шу жумладан, юқори даражадаги ташрифлар натижаларига кўра, 11,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 90 лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди.
 
Ушбу янги лойиҳалар асосан тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-газ, геология, кимё ва энергетика соҳалари, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, логистика, меҳмонхона мажмуалари, бизнес марказларини қуриш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган. Шу билан бирга, хорижий банкларнинг кредит линияларидан 4,5 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб қилинди. Бу эса лойиҳаларни янада самарали амалга оширишга хизмат қилмоқда.
 
Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги, Саудия тараққиёт фонди, Хитой Эксимбанки, Корея Эксимбанки, Япониянинг молия ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасига 3,1 миллиард долларлик 18 та кредит ажратилди. Жаҳон банки тизимида Ўзбекистон Республикаси лойиҳа портфели ҳажми жиҳатидан Европа ва Марказий Осиёдаги биринчи бешта мамлакат қаторига кирди. Бу эса юртимизда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро молия институтлари томонидан юксак ишонч билдирилаётганидан далолат беради.
 
Эшитув давомида депутатлар томонидан соҳадаги фаолиятни тартибга солувчи “Инвестициялар ва инвестициялар фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилгани, унда инвестиция жараёнини сезиларли даражада осонлаштириш, инвестициявий хавфсизликнинг аниқ кафолатларини аниқлаш ва Ўзбекистоннинг сармоядорлар учун жозибадорлигини оширишга қаратилган нормалар сингдирилгани қайд этилди.
 
Cоҳада қўлга киритилаётган ютуқлар билан бир қаторда, ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги, улардан лозим даражада фойдаланилмаётгани, хорижий инвесторларни сарсон қилувчи омиллар мавжудлиги, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан уларни қизиқтириш бўйича олиб борилаётган ишлар талаб даражасида ташкил этилмаётгани айтилди.
 
Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Наманган вилоятларида ишлаб чиқариш корхоналари томонидан экспорт режаси бажарилмаганининг асл сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Бу ўринда янги ташкил этилган вазирликнинг айни масала юзасидан масъулиятини ошириш, экспорт ҳажмини ва географиясини кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимининг самарали ишлашида парламент назоратини кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
 
Эшитув якуни бўйича иккала қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
 

Нурилло Насриев, ЎзА​​

Манба: ЎзА

Поделиться