Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оилавий меҳмон уйлари – туризмнинг муҳим бўғини
2019-02-23 | Туризм
2018 йил 7 августда Вазирлар Маҳкамасининг "Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, айни пайтга қадар Тошкент вилоятида 50 га яқин оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилда бундай уйлар сонини 300 тага етказиш режалаштирилаётир.
Вилоятга 2018 йилда 3 миллион 500 мингдан зиёд сайёҳ, шу жумладан 550 минг нафардан ортиқ чет эллик сайёҳлар ташриф буюрган. Бу ўтган йилларга нисбатан бир неча баробар кўп, демакдир. Эътиборли жиҳати, сайёҳлар, айниқса чет элдан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг оилавий меҳмон уйларига қизиқиши ортиб бормоқда.
Бу эҳтиёж ўз навбатида туризмнинг мазкур йўналишини жадал ривожлантириш талабини пайдо қилаётир. Бу борада вилоятда, хусусан Бўстонлиқ туманида улкан салоҳият мавжуд. Маълумотларга кўра, туманда 3 минг 500 дан ортиқ дала ҳовлилари мавжуд бўлиб, уларнинг фаолиятини тартибга солиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Бўстонлиқ туманида оилавий меҳмон уйлари туризми билан шуғулланувчи тадбиркорларга сертификат топширишга бағишлаб ўтказилган тадбирда маълум қилинди.
"Оқ лайлак" оилавий меҳмон уйида ташкил этилган мулоқотда вилоят ҳокимлиги, вилоят туризмни ривожлантириш департаменти, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, жумладан, ҳудудларда ишга солинмаган қулай ва табиий имкониятлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак натижа бераётгани таъкидланди.
Бу борада айниқса, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш туризмни жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
– Оилавий меҳмон уйлари сайёҳлар, айниқса, чет эллик сайёҳлар эътиборини кўпроқ тортиши, нисбатан камхаржлиги билан ажралиб туради, – дейди Тошкент вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи М.Баракаев. – Асосийси, туризмнинг мазкур йўналиши муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, миллий урф-одат ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, қишлоқ жойларда тадбиркорлик маданиятини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Айни пайтда вилоятда соҳани ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, туризм инфратузилмасини кенгайтириш, сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оилавий меҳмон уйлари ва қишлоққа келган меҳмонларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайтирилиб, ҳудудлардаги зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар, табиатнинг сўлим гўшаларига меҳмонлар сайрлари уюштирилмоқда.
Тадбирда 20 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари йўналишида фаолият юритувчи тадбиркорларга сертификат топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги