Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимлари оширишга қаратилган курслар бошланади
2019-02-23 | Жамият
Адлия вазирлиги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида ходимларининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этмоқда.
Асосий мақсад давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жумладан, давлат хизматчиларига ўзларининг соҳасига доир қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини батафсил тушунтириш ҳамда улар иштирокида соҳага оид ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш ва ечимини топиш чораларини кўришдан иборатдир.
Ушбу курслар «республика – вилоят – туман (шаҳар)» тамойили бўйича ташкил этилади, яъни бутун республика бўйлаб барча даражадаги ташкилотлар қамраб олинади.
Шу мақсадда махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди ва ўқув курсларининг дастури ҳамда машғулотлар жадвали тасдиқланди.
Машғулотлар давомида фақат ҳуқуқий маълумотлар бериш билан чекланилмайди, балки давлат органлари ходимларининг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси ўрганилади ва таҳлил қилинади. Бунинг учун давлат органлари билан ҳамкорликда махсус сўровлар ва тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги