Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистоннинг “Бизнес юритиш” йиллик рейтингидаги ўрни янада кўтарилади

2019-02-22 | Иқтисодиёт

2019 йил 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлис кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда қизғин муҳокама қилинган эди.

Мажлисда алоҳида таъкидланганидек, бугун юртимизда давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама, жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш, барча соҳани либераллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, кейинги беш йил давомида Ўзбекистоннинг дунё мамлакатларида бизнес юритишга яратилган имкониятлар, қулайликлар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи қонунчилик нормаларини баҳоловчи энг нуфузли халқаро ташкилотлар — Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи (рейтинг)даги ўрни 2 баравардан ортиқ яхшиланиб, жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146-ўриндан 2018 йилда 76-ўринга кўтарилди. Бироқ мамлакатимиздаги бизнес юритиш учун мавжуд шарт-шароитлар халқаро нормалар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради, деб бўлмайди. Бу эса, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш вазифаси долзарблигича қолаётганини англатади.

Мажлис кун тартибига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айнан шу масалага қаратилгани, мамлакатимизнинг бизнес юритиш борасидаги имижини янада яхшилашга хизмат қилиши туфайли депутатларнинг қизғин баҳс-мунозарасига сабаб бўлди.

Қайд этилганидек, лойиҳада “Бизнес юритиш” ҳисоботи методологиясида қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга қаратилган талабларни қонун ҳужжатларига киритиш назарда тутилган. Яъни, қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда юридик шахсларнинг кўчмас мулкини сотиш тўғрисидаги шартномасини нотариал тасдиқлашнинг мажбурий тартибини ҳамда акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталининг минимал қийматига қўйилган талабларни бекор қилиш ва устав капиталининг энг кам миқдорига оид талабларни лицензия талаблари билан белгилашга доир нормалар киритилмоқда. Шунингдек, акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги чет эллик инвесторнинг улуши камида 15 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисидаги талабни ҳам бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Акциядорлик жамиятлари томонидан қўшимча акциялар чиқарилишида акциядорларга ўзларининг улушларини сақлаб қолишлари учун имтиёзли ҳуқуқ бериш, акциядорлик жамиятлари томонидан аудиторлик текширувини албатта ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш ваколати фақатгина акциядорлар умумий йиғилишига бериш назарда тутиляпти.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши корхоналардаги корпоратив бошқарувни яхшилаш, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоялаш, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қулай шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияни (Минск, 1995 йил 26 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси умумий манфаатларга тааллуқли ҳужжатларнинг лойиҳаларини қўриб чиқиш ва масалаларни муҳокама қилиш мақсадида 1992 йил 27 мартдаги МДҲ иштирокчи-давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Келишувга мувофиқ маслаҳат институти сифатида ташкил этилган.

МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг мустақил давлатлараро ташкилот сифатидаги мақоми 1995 йил 26 майдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияга асосан МДҲ давлат раҳбарларининг Минск (Беларусь Республикаси) мажлисида тўлиқ берилган. 1996 йил 16 январдан кучга кирган мазкур конвенцияга МДҲ иштирокчи-давлатларининг барчаси аъзо ҳисобланади. МДҲ ПА фаолиятида иштирок этаётган барча давлатлар мазкур ҳужжатни ратификация қилган.

Депутатларнинг нуқтаи назарига кўра, Ўзбекистоннинг мазкур тузилмада иштирок этиши МДҲ иштирокчи-давлатларининг миллий қонунчилигини яқинлаштиришга қаратилган ҳамкорлигини янада ривожлантиради ва уни муваффақиятли амалга ошириш учун тегишли механизмларни яратишга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятини хабардор этиб боришда муҳим омил бўлади. Энг муҳими, парламентлар даражасида мунтазам алоқалар ўрнатиш ва хорижий шериклар билан самарали муносабатларни конструктив ривожлантиришда, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини илгари суришга қаратилган муносабатларни фаоллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться