Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди
2019-02-20 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаблари бошлиқларининг конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, ўтган йили май ойида АҚШга расмий ташриф давомида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли стратегик шерикликда янги даврни бошлаб берганини қайд этди.
Бугунги кунда кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бормоқда, инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2018 йилда ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайди.
Президентимиз АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилаётган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Қуролли кучлари штаблари бошлиқларининг конференцияси илк бор мамлакатимиз пойтахтида ўтказилаётгани ҳамда бугунги даврнинг энг ўткир муаммоларидан бири – Афғонистондаги қуролли можарони муҳокама қилиш ва уни ҳал этишга ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш учун майдон эканини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳамда хавфсизлик соҳасидаги шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жозеф Вотел давлатимиз раҳбарига самимий қабул ва конференцияни Тошкентда ўтказиш имконияти учун миннатдорлик билдирди.
АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони ушбу тадбир якунида томонлар минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида конструктив шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган стратегияни ишлаб чиқишларига ишонч билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти