Покистон Ислом Республикасидаги Ўзбекистон туризм элчиси, “Qasim Ali Shah Foundation” жамоат фонди раҳбари Қосим Алишоҳ бошчилигидаги ушбу мамлакат ишбилармонлари Наманганда бўлди.
Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров Покистон оммавий ахборот воситалари ходимлари, туристик компаниялар директорларидан иборат делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда икки давлат раҳбарларининг ташқи сиёсат бобидаги эзгу саъй-ҳаракатлари самарасида ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар кўлами тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.
– Наманганга зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар жалб этиш имкониятларини ўргангани келдик, – дейди Қосим Алишоҳ. – Ўзбекистонда тўртинчи бор бўлишим. Ҳар гал юртингизга келганимда туризм жадал ривожланаётганига гувоҳ бўламан. Халқларимизнинг урф-одат ва анъаналарида бир-бирига ўхшаш жиҳатлар кўп. Бу туризм, хусусан, зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорликда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Биз бугун нафақат зиёрат туризми, балки экотуризм йўналишида ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ватанимизга қайтишимиз билан амалий ишларга киришамиз ва шу йилнинг ўзида юзлаб сайёҳларимизни Наманганга жўнатамиз.
Бугун вилоятда 282 та маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг 103 таси архитектура, 155 таси археология ёдгорлиги ва зиёратгоҳлардир. Бир вақтнинг ўзида 1 минг 300 сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга 25 та меҳмонхона фаолият юритмоқда. Қатор замонавий туристик лойиҳалар амалга оширилаётгани эса ҳам ички, ҳам ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ўтган йили вилоятга дунёнинг 82 мамлакатидан кўплаб хорижий сайёҳлар келган. Учрашувда меҳмонларга вилоятнинг сайёҳлик субъектлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Покистон билан ҳамкорлик бу борадаги имкониятларни кенгайтиради.
Туризм ривожида оммавий ахборот воситалари ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Покистонлик журналистлар Наманган вилоятининг маданий мерос объектлари ҳақида бепул видеоролик ва материаллар тайёрлаш, уларни ўз нашрлари, шунингдек, ижтимоий тармоқларда жойлаштириш орқали тарғиб қилиш ташаббуси билан чиқдилар. Бу борада наманганлик ҳамкасблар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилади. Покистоннинг “Dispatch News Desk” нашри бош муҳаррири Оға Иқрор Хоруннинг айтишича, шу йил март ойида Наманганга Покистоннинг етакчи нашрлари ижодий ходимларидан иборат делегация иштирокида инфотур ташкил этилади. Бу сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига таъсир кўрсатади.
Покистонлик меҳмонлар Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлиги, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний каби зиёратгоҳлар ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Акромжон Сатторов, ЎзА
Манба: ЎзА