Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Уруғчилик тўғрисида
2019-02-19 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 8 ноябрда
қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 13 декабрда
маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
апробация – ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатдан софлигини, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлигини, касалликларга чалинган-чалинмаганлигини ва экиш учун мўлжалланган уруғликларнинг умумий ҳолатини аниқлаш учун далада ўтказиладиган текширув;
дурагай уруғликлар – ирсияти ҳар хил навлар, турлар ва туркумдошларни чатиштиришдан олинган уруғликлар;
оригинал уруғликлар – нав муаллифи ёки у ваколат берган шахс томонидан етиштирилган ва кейинчалик кўпайтириш учун мўлжалланган уруғликлар;
патент эгаси (лицензиар) – селекция навига ва (ёки) дурагай уруғликларга бўлган мулк ҳуқуқини олган юридик ёки жисмоний шахс;
популяция – бир хил тупроқ-иқлим шароитида тарқалган ва бир турга мансуб бўлган, эркин чатишадиган (ирсий жиҳатдан бир-биридан фарқланадиган) ўсимликлар мажмуи;
репродукцион уруғликлар – элита уруғликлардан олинадиган кейинги авлод уруғликлари;
уруғликлар – экиш учун фойдаланиладиган уруғлар, мевалар, ўсимликнинг вегетатив йўл билан кўпайтириладиган қисмлари;
уруғликларнинг генетик (нав) сифати – муайян нав уруғлигининг генетик жиҳатдан софлигини тавсифловчи кўрсаткичлар мажмуи;
уруғликларнинг экинбоплик сифати – уруғликларнинг экиш учун яроқлилигини тавсифловчи кўрсаткичлар мажмуи;
уруғликлар туркуми – келиб чиқиши ва сифати бўйича бир хил бўлган уруғликларнинг муайян миқдори;
уруғчилик – уруғликларни етиштириш, сақлаш, реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек уруғликларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатларини аниқлаш бўйича ўтказиладиган тадбирлар билан боғлиқ бўлган фаолият;
элита уруғликлар – оригинал уруғликларни изчил кўпайтириш йўли билан олинган уруғликлар.
4-модда. Уруғликларнинг тоифалари
Қишлоқ хўжалиги экинларининг навларини такрор кўпайтириш босқичларига қараб, уруғликларнинг қуйидаги тоифалари белгиланади:
оригинал;
элита;
репродукцион.
5-модда. Уруғчилик объектлари
Уруғчилик объектлари жумласига қуйидагилар киради:
нав;
дурагай;
популяция;
уруғликлар;
уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорлари.
6-модда. Уруғчилик субъектлари
Уруғчилик субъектлари жумласига қуйидагилар киради:
навнинг муаллифи;
уруғлик етиштирувчи;
уруғликларни реализация қилувчи;
уруғликларнинг истеъмолчиси (уруғликлардан фойдаланувчи);
уруғликларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатларини аниқлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи ташкилот.
7-модда. Уруғчилик субъектларининг ҳуқуқлари
Уруғчилик субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш;
селекция ютуқларидан фойдаланиш;
уруғликларнинг кўргазма-савдоларида (кимошди савдоларида) иштирок этиш;
ўз фаолиятида инновацион технологиялардан фойдаланиш ва илм-фан ютуқларини жорий этиш;
уруғлик етиштириш бўйича ресурсларни тежовчи технологияларни қўллаш.
8-модда. Уруғчилик субъектларининг мажбуриятлари
Уруғчилик субъектлари:
уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларнинг даврий апробациядан ўтказилишини таъминлаши;
ваколатли орган томонидан тасдиқланган уруғликларни етиштириш схемаларининг технологик талабларига, уларни сақлаш ҳамда реализация қилиш қоидаларига риоя этиши, шунингдек уруғликларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаши;
уруғликларни реализация қилишда уруғлик туркумига берилган мувофиқлик сертификатини, шунингдек дурагайлар ва навларнинг тавсифларини уруғликларнинг истеъмолчиларига (уруғликлардан фойдаланувчиларга) тақдим этиши;
ваколатли органлар билан уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларни апробациядан ўтказиши шарт.
Уруғлик етиштирувчилар, уруғликларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатларини аниқлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳар бир уруғлик туркумининг генетик (нав) ва экинбоплик сифатлари бўйича тўлиқ ҳисобини юритиши шарт.
2-боб. Уруғчилик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
9-модда. Уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инфратузилмани ва сервис хизматларини ривожлантириш;
илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва фаолиятнинг замонавий шаклларини жорий этиш;
уруғлик етиштиришда генетик (нав) сифат кўрсаткичларини сақлаб қолиш;
уруғликларни кўпайтиришнинг ва уруғликлар истеъмолчиларини (уруғликлардан фойдаланувчиларни) уруғликлар билан таъминлашнинг самарали тизимини яратиш;
уруғчилик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш ва уруғлик етиштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
уруғчилик соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
уруғчилик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди
ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
уруғчилик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг уруғчилик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
11-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритади;
уруғчилик соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг навларини синашга доир ишларни мувофиқлаштиради;
пахта чигитини ва бошоқли дон экинларининг уруғликларини олиб чиқиш учун хулоса беради;
қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғликларини етиштириш ҳажмларига доир мақсадли прогноз кўрсаткичларни ишлаб чиқади;
уруғлик экинларини жойлаштириш учун уруғчилик хўжаликларини аниқлашда иштирок этади;
уруғлик экинларини апробациядан ўтказишда иштирок этади.
12-модда. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:
ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;
манзарали ўсимликларнинг уруғликларини сертификатлаштириш
ўрмон хўжалиги экинларининг уруғликларини етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларни апробациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқади;
ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларининг нав ва экинбоплик сифатларини аниқлайди;
ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини аниқлаш услубларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларининг генетик (нав) ва уруғ назоратини, лаборатория синовларини, сифати экспертиза қилинишини амалга оширишга доир қоидаларни ишлаб чиқади
ўз ваколатлари доирасида ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилиги бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази:
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини, шу жумладан пахта чигитини ва бошоқли дон экинларининг уруғликларини тайёрлаш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантиради;
маҳаллий ва хорижий селекция навларининг, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этади
уруғлик етиштирувчиларнинг реестрини шакллантиради ва юритади;
қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғликларини тайёрлаш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартларга ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқади;
уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотлар ўтказишга, ушбу соҳа корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашади;
уруғчилик бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, уруғликларга экишдан олдин ишлов беришга ҳамда уларни қайта ишлашга оид инновацион технологияларни, ушбу соҳадаги ноу-хауларни жорий этади;
ўз расмий веб-сайтида маҳаллий ва чет элдан келтирилган уруғликлар, уларнинг навлари, гибридлари, тоифалари, уларни етиштириш ҳажмлари ҳақидаги, шунингдек уруғликларнинг нархлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.
14-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
уруғчилик соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг уруғчилик соҳасида тадбирлар ўтказишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;
суғурта уруғлик фондини ташкил этиш учун уруғчилик хўжаликларини аниқлайди;
уруғлик экинларини жойлаштириш учун уруғчилик хўжаликларини аниқлаш бўйича комиссия тузади.
15-модда. Уруғликларни сертификатлаштириш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари уруғликларни сертификатлаштириш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича давлат органидир.
16-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси қуйидагилар устидан назоратни амалга оширади:
пахта чигитининг ва бошоқли дон экинлари уруғликларининг сифати;
қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва ушбу экинлар уруғликларининг сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижроси, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини жойлаштириш, районлаштириш ҳамда навли уруғликларини тайёрлаш режаларининг бажарилиши;
оригинал, элита ва репродукцион уруғликларнинг етиштирилиши, уларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этган ҳолда тежаб сарфланиши;
қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик экинлари апробацияси тўғри ўтказилиши;
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари маҳаллий ва хорижий селекция навларининг, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш;
қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғликларини тайёрлаш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича норматив талабларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқилиши;
қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича уруғликлар архивининг таркиби ва уруғликлар архивларининг юритилиши.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси сертификатлаштирилмаган ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган уруғликларнинг тарқатилишини тақиқлайди.
17-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органлари ходимларининг ҳуқуқлари
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органларининг ходимлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
уруғликларнинг сифат кўрсаткичлари тўғрилигини ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш мақсадида зарур таҳлиллар ўтказиш учун уруғликларнинг намуналарини танлаб олиш;
уруғликларнинг муҳофаза қилинадиган навларидан қонунга зид равишда фойдаланилишини тақиқлаш;
ҳар қандай уруғлик етиштирувчининг, уруғликларни реализация қилувчининг ва уруғликлар истеъмолчисининг (уруғликлардан фойдаланувчининг) ҳудудига кириш;
уруғчилик далаларига ҳамда уруғликларнинг туркумларига доир зарур ахборот, ҳужжатлар ва намуналарни олиш;
уруғликларни қонун ҳужжатларини бузган ҳолда етиштиришни, сақлашни, реализация қилишни тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш;
мувофиқлик сертификати ва фитосанитария сертификати
мувофиқлик сертификати, фитосанитария сертификати ёки карантин рухсатномаси мавжуд бўлмаган уруғликларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишига йўл қўймаслик;
қишлоқ хўжалиги экинларининг навларини янгилаш
3-боб. Уруғчилик соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш
18-модда. Уруғликларнинг генетик (нав) сифатини аниқлаш
Уруғликларнинг генетик (нав) сифати уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг апробацияси, тупроғини баҳолаш, уруғликларнинг лабораторияда ўтказиладиган нав синовлари натижалари бўйича аниқланади.
19-модда. Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг апробацияси
Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг апробацияси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий органларининг, шунингдек тегишли тайёрлов ҳамда таъминот ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг қўшма қарори билан тузиладиган туман апробация комиссиялари томонидан ўтказилади.
Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг апробацияси ўсимликлар генетик (нав) жиҳатдан софлигининг, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлигининг, касалликларга чалинган-чалинмаганлигининг ва уруғликлар умумий ҳолатининг далада ўтказиладиган текшируви орқали амалга оширилади.
Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг апробациясини ўтказиш натижаларига кўра туман апробация комиссиялари томонидан манфаатдор ташкилотлар ва жисмоний шахсларга апробация далолатномаси берилади.
Уруғлик етиштирувчилар шахсий фойдаланишдаги уруғлик экинзорларининг апробациясини апробация далолатномаси расмийлаштирилган ҳолда ўтказишга ҳақли.
20-модда. Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг тупроғини баҳолаш
Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг тупроғини баҳолаш уруғликларни махсус участкаларда экиш ва келгусида уларнинг генетик (нав) сифатини текшириш орқали уруғликларнинг муайян турга, навга мансублигини ҳамда нав жиҳатдан софлигини белгилайди.
Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг тупроғини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси
Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг тупроғини баҳолашни ўтказиш натижаларига кўра манфаатдор ташкилотлар ва жисмоний шахсларга уруғликларнинг генетик (нав) сифати тўғрисида хулоса берилади.
21-модда. Уруғликларнинг лабораторияда ўтказиладиган нав синови
Уруғликларнинг лабораторияда ўтказиладиган нав синови лаборатория таҳлили ўтказиш орқали уларнинг муайян навга мансублигини белгилайди ва генетик (нав) сифатини аниқлайди.
Уруғликларнинг лабораторияда ўтказиладиган нав синови Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Уруғликларнинг лабораторияда ўтказилган нав синови натижаларига кўра манфаатдор ташкилотлар ва жисмоний шахсларга уруғликларнинг генетик (нав) сифати тўғрисида хулоса берилади.
22-модда. Уруғликларнинг экинбоплик сифатларини аниқлаш
Уруғликларнинг экинбоплик сифатлари уруғликлар туркумларидан ажратиб олинган намуналардан уруғликлар таҳлилини ўтказиш орқали аниқланади.
Уруғликлар туркумларидан намуналар ажратиб олиш, уларнинг таҳлилини ўтказиш ва уруғликларнинг экинбоплик сифатларини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Уруғликларнинг экинбоплик сифатларини аниқлаш натижаларига кўра стандарт уруғликларга уруғликларнинг экинбоплик сифатлари кўрсатилган ҳолда мувофиқлик сертификати ва синов баённомаси, ностандарт уруғликларга эса уруғликларнинг экинбоплик сифатларини тасдиқловчи уруғликлар таҳлили натижаси берилади.
23-модда. Уруғликларни сертификатлаштириш
Экиш учун фойдаланиладиган уруғликлар сертификатлаштирилиши лозим.
Экиш учун фойдаланиладиган уруғликларни сертификатлаштириш қуйидагиларни ўз ичига олади:
сертификатлаштириш учун талабнома бериш ва уни кўриб чиқиш;
намуналарни бирхиллаштириш, ажратиб олиш ва лабораторияга етказиш;
лабораторияда намуналар синовини ўтказиш;
олинган натижаларни таҳлил қилиш, мувофиқлик сертификатини бериш ёки уни беришни рад этиш;
мувофиқлик сертификатларини Ўзбекистон Республикаси миллий сертификатлаштириш тизимининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш.
Уруғликларни сертификатлаштириш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Ўрмон хўжалиги экинларининг уруғликларини сертификатлаштириш Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда унинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ аккредитация қилинган ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
24-модда. Уруғлик етиштирувчиларнинг реестри
Уруғлик етиштирувчиларнинг реестри пахта чигитининг, бошоқли дон экинлари ҳамда картошканинг оригинал ва элита уруғликларини ишлаб чиқарувчилар бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан юритилади.
Уруғлик етиштирувчиларнинг реестри уруғлик етиштирувчилар тўғрисидаги, янгилаб туриладиган ёзувларни ўз ичига олган маълумотларнинг ягона ахборот базасидир.
Уруғлик етиштирувчиларнинг реестрида уруғлик етиштирувчилар тўғрисидаги қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:
уруғлик ишлаб чиқарувчининг номи, почта манзили, телефон рақами;
уруғлик етиштирувчи раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;
пахта чигити, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғлари навларининг ва дурагайларининг номи, шунингдек тоифаси.
Уруғлик етиштирувчиларнинг реестридаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Уруғлик етиштирувчиларнинг реестрига киритганлик учун ҳақ олинмайди.
25-модда. Уруғликларни етиштириш, тайёрлаш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш
Уруғликларни етиштириш, тайёрлаш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш, тайёрлаш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тегишли ваколатли органлар томонидан белгиланади.
Интеллектуал мулк объекти бўлган уруғликлардан фойдаланишга патент эгасининг (лицензиарнинг) розилиги билан йўл қўйилади.
26-модда. Уруғликларни реализация қилиш
Уруғликларни реализация қилишга уларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатлари кўрсатилган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Кимёвий ёки биологик ишлов берилган уруғликлар уруғликларнинг истеъмолчисига (уруғликлардан фойдаланувчига) ёки савдо тармоғига фақат қадоқланган тарзда етказиб берилади. Ҳар бир қадоқда ишлов бериш тури кўрсатилган ёрлиқ ва хавфсизлик чора-тадбирлари тўғрисидаги йўриқнома бўлиши керак.
Қишлоқ хўжалиги экинларининг қуйидаги уруғликларидан экиш (ўтқазиш) учун фойдаланиш ва ушбу уруғликларни экиш (ўтқазиш) учун реализация қилиш тақиқланади:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилмаган пахта чигити навлари ва дурагайларининг, бошоқли дон экинлари ҳамда картошка навлари ва дурагайларининг уруғликлари;
ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланган уруғликлар;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ келмайдиган уруғликлар.
Янги ва истиқболли навларнинг уруғликларига бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда, шунингдек уларнинг сифати бўйича мувофиқлик сертификати ёки таҳлил натижаси мавжуд бўлган тақдирда, пахта чигити, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ёки унинг ваколатли органининг рухсати билан реализация қилиниши мумкин.
Муомалага киритилаётган уруғликлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ тамғаланган
Хорижий мамлакатлардан олиб кирилаётган ва карантин объектлари ҳамда ўта хавфли зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтлар кенг тарқалган зоналарда етиштирилган уруғликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади.
27-модда. Реализация қилинадиган уруғликларга доир кафолатлар
Уруғликларни етиштириш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи уруғчилик субъектлари уруғликларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатлари мувофиқ бўлиши учун жавобгар бўлади.
Агар уруғликларни етиштириш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи уруғчилик субъектлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган уруғликларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатларига номувофиқлиги уруғликларни етиштириш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчиларга боғлиқ эмаслигини исботласа, уруғликларнинг истеъмолчиси (уруғликлардан фойдаланувчи) зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли эмас.
Олинган уруғликларга доир кафолатлар уларнинг сифати тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган муддатгача амал қилади.
28-модда. Уруғликларни олиб кириш ва олиб чиқиш
Уруғликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга қуйидаги шартлар асосида йўл қўйилади, агар:
пахта чигити, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғликлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилган нав ва дурагай жумласидан бўлса;
уруғликларнинг мувофиқлик сертификати ва фитосанитария сертификати, шунингдек карантин рухсатномаси мавжуд бўлса;
уруғликлар селекция ва тадқиқот ишлари, кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган бўлса.
Илмий мақсадларда ва навни синаш учун олиб кирилаётган ҳамда олиб чиқилаётган уруғликлар учун божхона божи ундирилмайди ва улар квоталанмайди ҳамда лицензияланмайди.
Пахта чигитини ва бошоқли дон экинларининг уруғликларини олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарорига биноан амалга оширилади. Бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини олиб чиқиш учун махсус рухсатнома талаб этилмайди.
29-модда. Уруғликларга қўшимча ишлов бериш, уларни утилизация қилиш ва йўқ қилиш
Экинбоплик сифатларини аниқлаш натижаларига кўра белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқсиз деб топилган уруғликларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг қоидаларига мувофиқ қўшимча ишлов берилиши, улар утилизация қилиниши ва (ёки) йўқ қилиниши лозим.
Белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқсиз бўлган уруғликларни утилизация қилиш ва (ёки) йўқ қилиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни уруғлик етиштирувчилар ва реализация қилувчилар томонидан қопланади.
30-модда. Суғурта уруғлик фонди
Табиий офатлар рўй берган ҳолларда қайта экиш учун навли уруғликлар етказиб берилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек бошқа мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси суғурта уруғлик фондини ташкил этади.
Суғурта уруғлик фондини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
31-модда. Уруғчилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар
Уруғчилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази, тегишли тармоқ илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, шунингдек бошқа илмий ташкилотлар томонидан амалга оширилади, улар:
уруғчиликнинг, уруғшуносликнинг ва навшуносликнинг илмий асосланган тизимларини;
янги ва истиқболли навларни жорий этишга доир тавсияларни;
инновацион технологияларни ва юқори сифатли уруғликлар етиштириш самарадорлигини ошириш усулларини;
уруғчиликни ахборот жиҳатидан таъминлаш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича дастурларни ишлаб чиқади.
32-модда. Уруғчилик соҳасида интеллектуал мулк
Патент эгалари, шунингдек лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар патент билан муҳофаза қилинадиган навлар ва дурагайларнинг уруғликларини етиштириш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Исталган юридик ва жисмоний шахслар патент ёки гувоҳнома билан муҳофаза қилинмайдиган навлар ва дурагайларнинг уруғликларини етиштириши ҳамда улардан фойдаланиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
33-модда. Уруғчилик соҳасидаги фаолиятнимолиялаштириш
Уруғчилик соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
34-модда. Низоларни ҳал этиш
Уруғчилик соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
35-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
36-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
2) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги 421–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 4–5, 126-модда) 19-банди;
3) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 772–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 124-модда) ХV бўлими;
5) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 21 декабрда қабул қилинган «Уруғчилик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги
6) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлда қабул қилинган «Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–486-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 7, 431-модда) 18-моддаси.
37-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
38-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
39-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев
Манба: ЎзА