Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нодавлат мактабгача таълим муассасалари қўллаб қувватланади
2019-02-15 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Молия ва Мактабгача таълим вазирликларининг тегишли топшириқларига асосан нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик компенсациялар тўлаш ва субсидиялар ажратиш бўйича вилоят молия бош бошқармаси томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасаларига меёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида маблағ ажратилишини, ажратилган бюджет маблағларини кўзланган мақсадларга ўз вақтида йўналтирилишини ҳамда самарали сарфланишини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳамда туманлар молия бўлимларида қуйидаги тартибда иш ташкил этилмоқда:
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 991-сонли қарорига асосан жойлардаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари томонидан фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ хизматлари учун тўловнинг 50 фоизи ўз маблағлари ҳисобидан ҳамда қолган
50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш;
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 595-сонли қарори билан Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларига ойлик субсидиялар ажратиш бўйича:
- жойларда ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини аниқлаш ва таҳлил қилиш (Бунда, тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячиларига тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган меҳнатга тўланадиган ҳаққа тенг шартларда ва ҳажмларда иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда Мактабгача таълим вазирининг 2018 йил 15 октябрдаги 215-сонли буйруғи асосида амалга оширилишини назоратга олиш);
- оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари учун давлат мактабгача таълим муассасаларига белгиланган нормативлар бўйича овқатланиш, юмшоқ инвентар, анжомлар ва дори-дармонларга ажратилган миқдорлардан келиб чиқиб, мактабгача таълим бўлими томонидан тақдим этилган ҳисоб-китоблар асосида зарур маблағлар ажратиш юзасидан таклиф киритиш;
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги 378-сонли қарорига асосан Давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида фаолият юритадиган нодавлат мактабгача таълим муассасаларига ойлик субсидиялар ажратиш бўйича:
- жойлардаги давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим муассасалари томонидан ойлик субсидиялар ажратиш юзасидан қилинган ариза шаклидаги мурожаатларни қабул қилиш;
- ушбу мурожаатларни мактабгача таълим бўлими томонидан Низом талабларига мос равишда тўғри келишини ўрганиш (Бунда, ҳар ойда таълим муассасаларида таълим олаётган ҳар бир бола учун (9 ва 10,5 соатлик иш режимидаги) давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган харажатларни Мактабгача таълим ҳамда Молия вазирликларининг қўшма хатига асосан вилоят марказларида
(40 фоиз)-88464 сўм, қолган ҳудудларда (50 фоиз)-110579 сўм қилиб белгиланганлиги инобатга олинади);
- туман (шаҳар) молия бўлимлари таълим муассасасининг аризаси келиб тушгандан кейин унинг белгиланган талабларга мослигини ўрганиб чиқади ҳамда аризани қаноатлантириш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва таълим муассасасини субсидиялар (компенсация) ажратиш ёки аризани рад этиш тўғрисида асослантирилган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилинади.
Бундан ташқари, давлат хусусий шерикчилиги асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган бошқа турдаги субсидиялар жумладан:
- давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 50 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш;
- мактабгача таълим муассасасининг раҳбарлари, методистлари, тарбиячилари, дефектологлари, психологлари, мусиқа ходимлари иш ҳақига сарфланадиган харажатларни қоплаш учун давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган шартларда қўшимча бюджет субсидияларини олиш ҳуқуқига эга.
Нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасаларига меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар асосида маблағ ажратилишини, ажратилган бюджет маблағларини кўзланган мақсадларга ўз вақтида йўналтирилишини ҳамда самарали сарфланишини таъминлаш шаҳар ҳамда туманлар молия ва мактабгача таълими бўлимлари мудирлари зиммасига юклатилиб, вилоят молия бош бошқармаси томонидан доимий назоратга олинган.
Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги