Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Инглиз тили ўқитувчиларининг билим даражаси EF Language Learning халқаро компанияси кўмагида баҳоланади

2019-02-14 | Таълим

Жорий йилнинг 13 февралида пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Швеция бизнес-форумида Халқ таълими вазирлиги ва EF Language Learning Solutions компанияси ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг январь ойида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Лондон (Буюк Британия)га ташрифи чоғида Жаҳон таълими форумида иштирок этган ҳамда швед компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.

Музокаралар чоғида EF Language Learning Solutions компанияси юртимиз ўқитувчиларини инглиз тили бўйича синовдан ўтказиш, уларнинг билим даражасини аниқлаш ҳамда ушбу тест синовларидан муваффақиятли ўтганларни Европа ва Америка олий ўқув юртларига ўқиш ва малака ошириш учун юборишга тайёрлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, компания Ўзбекистондаги ўқитувчиларга IELTS / TOEFL учун мос келувчи, халқаро миқёсда тан олинган EF Standard English Test таълим сертификати асосида инглиз тилини ўргатиш таклифини киритган. Ҳамкорликнинг кейинги йўналиши сифатида мамлакатимизда “Таълим даражасини миллий баҳолаш“ платформасининг жорий этилиши белгиланган.

Меморандум доирасида инсон капиталини ривожлантириш бўйича энг яхши халқаро тажрибаларни алмашишга келишилди. Эндиликда томонлар чет тили ўқитувчиларига инглиз тилини бепул ўқитиш ҳамда уларнинг билимларини баҳолаш соҳасида ҳамкорлик қилади.

Эътиборлиси, мазкур ҳамкорлик доирасида Халқ таълими тизими раҳбар ходимлари учун ҳам тренинг ташкил этилади. Шу билан бирга Швеция компанияси юртимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқлари учун мутахассислар тайёрлашга кўмаклашади.

Келгусида томонлар турли семинар ҳамда тадбирларни ўтказишда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Маълумот учун:

  • EF Language Learning Solutions компанияси 1965 йилда Швецияда ташкил этилган хусусий таълим компаниясидир.
  • Компаниянинг мақсади “Дунёни таълим орқали кашф этиш“. Шунингдек, компаниянинг дунёдаги 500 дан ортиқ мактаб ва офисларида 52 000 ўқитувчи, тадқиқотчи ва бошқа мутахассислари мавжуд.
  • Компания турли давлатлар ташкилотларининг бошқарув ходимлари учун инглиз тилидаги инновацион таълим дастурларини яратиб, инсон капиталини ривожлантириш бўйича давлат органлари билан самарали ҳамкорлик қилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться