Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оролнинг қуриган тубида 150 минг гектар ерга саксовул уруғи қадалган
2019-02-13 | Экология
Кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш масалаларига эътибор янада кучайиб, мазкур соҳаларда ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Айниқса, минтақадаги глобал экологик муаммо ҳисобланган Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуднинг экологик ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, Орол денгизи фожиаси натижасида сув ресурслари танқислиги, ер деградацияси, чўлланишнинг кучайиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётгани нафақат минтақамиздаги, балки дунёдаги экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг қарорлари мазкур экологик муаммони ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан биргаликда, давлатимиз раҳбари томонидан жаҳоннинг нуфузли минбарларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш соҳаси бўйича берилган конструктив таклифлари халқаро жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилиб, эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланган, 2018 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг асосий хулоса ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшерикли Траст фондини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Ушбу ташаббус қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, буни амалга ошириш учун 2018 йил 27 ноябрда Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан ташкил этилган 73-сессияси доирасида Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосида БМТнинг Траст жамғармасини ишга туширишга доир олий даражадаги тадбир ўтказилди ва ушбу жамғарма ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур жамғарма олдига қўйилган асосий вазифаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Маълумки, амалий ҳаракатлар кўлами жорий йилда ҳам жуда кенг. Хусусан, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг бир қатор бандлари бевосита Оролбўйи ҳудудида жойлашган объектларни қуриш, реконструкция килиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, Оролбўйи минтақасида янги муҳофаза этиладиган, жумладан трансчегаравий табиий ҳудудларни ташкил этиш, Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш бўйича халқаро анжуман ўтказиш кўзда тутилган.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Марказий Осиёда сувдан тежамкор фойдаланиш, сув манбаларини бошқариш ва оқилона фойдаланиш масалаларида минтақавий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, Амударё ва Сирдарё бўйича БМТ томонидан ишлаб чиқилган конвенцияларни илгари суриш ҳамда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қўриқланувчи табиий ҳудудларни яратиш масаласида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш биз депутатлар олдида турган муҳим вазифалардандир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, Юртбошимиз “Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда. Орол денгизининг сувсиз қолган ерларида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз... Қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сув ости ҳудудида келгуси йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади”, дея таъкидлаб ўтган эди.
Айни пайтда бу борада қуруқ сўз эмас балки, амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича алоҳида штаб ташкил этилиб, ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Маълумотларга қараганда, бугунги кунга қадар Оролнинг қуриган тубида 150 минг гектарга яқин майдонда саксовул уруғлари экилган.
Шу билан бирга, ҳудуддаги вазиятни ўнглаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январда “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжатга асосан, 2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, 120 та лойиҳага жами 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўм, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига кўра саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 75 та лойиҳага жами 26 триллион 974 миллиард 827 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Бундан англашиладики, мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши 1700 га яқин янги иш ўринлари ташкил қилиниши билан бирга, мазкур ҳудудда яшаётган аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳолатини янада яхшилаш, экологик вазиятни соғломлаштириш учун кенг имкониятлар яратади.
Энг муҳими, Оролбўйидаги экологик муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг жамоатчилик томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон экологик партияси ва Экоҳаракат фаоллари жорий йилнинг 23 январь куни бевосита ҳудудда бўлиб, ҳашар орқали йиғилган саксовул уруғларини етказиб бердилар.
Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифларни рўёбга чиқариш ҳамда Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган улкан ишлар Марказий Осиё минтақаси давлатларининг экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш имконини беради.
Мухтасар қилиб айтганда, юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, биз депутатлар парламентимизда соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, давлат дастурлари ижросини таъминлашда парламент назоратини янада кучайтиришимиз лозим. Албатта, мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган бу борадаги чора-тадбирларни тизимли амалга ошириш бугунги кунда барчамизнинг олдимиздаги долзарб вазифадир.
Хайрилло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси