Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ички ишлар вазирлиги томонидан 2018 йил якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари барча саволларга жавоб олишди
2019-02-01 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан “TARAQQIYOT STRATEGIYASI” марказида 2018 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар таҳлили юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вазирликнинг бош бошқарма, бошқарма бошлиқлари ва масъул ходимлари ҳамда маҳаллий ва республикамизда аккредитациядан ўтган хорижий оммавий ахборот воситаларидан “ТАСС” (Россия), “Fars news” (Эрон), “Синьхуа” (Хитой), “Кабар” (Қирғизистон) ахборот агентликлари, “Казинформ” (Қозоғистон), “Спутник” халқаро ахборот агентлиги (Россия), “ТRТ” телерадиоканали (Туркия) ва “Ўш садоси” (Қирғизистон) газетасининг вакиллари ҳам иштирок этди.
Матбуот анжуманини Вазирликнинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбидин Бурхонов очиб, анжуман иштирокчиларини республика ички ишлар органларида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва 2018 йилда эришилган натижалар билан таништирди.
Маълумки, 2018 йилда республика ички ишлар органларида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор тизимни халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилди. Натижада республикада юз берган жиноятлар сони сезиларли равишда камайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида 73 ички ишлар бўлими ташкил этилди. Аҳолига энг яқин бўлган жойларда куч ва воситалар фаолиятини бевосита бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали тизими яратилди.
Тошкент шаҳрида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини берганлиги боис ушбу тажриба Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларига ҳам татбиқ этилди.
Ҳудудларда содир этилган жиноятларнинг сабабларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оила-турмуш муносабатларида қотиллик ва қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларнинг содир бўлаётганлиги бу йўналишга кўпроқ эътибор қаратишни талаб этмоқда.
Секторлардаги раҳбарлар билан ҳамкорликда энг қуйи бўғинда аҳоли билан учрашиш, оилалардаги муаммоларни уйма-уй юриб ўрганиш ҳамда бартараф қилиш бўйича аниқ чоралар амалга оширилмоқда. Жамоатчилик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда низолашаётган яқин қариндошларни яраштириш чоралари кўрилганлиги натижасида оила-турмуш доирасидаги қотилликлар камайди.
Шунингдек, муқаддам судланганлар, хотин-қизлар, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада Ёшлар иттифоқи, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бандликка кўмаклашиш марказларининг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Профилактик ҳисобда бўлган ёшлар билан манзилли чора-тадбирлар олиб борилди. Давомат тадбирлари давомида мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва лицейларда ўқувчилар давомади юқори кўрсатгичларни қайд этди. Бундан ташқари, уларни спорт, факультатив тўгараклар, “Баркамол авлод” марказлари ва бизнес шоҳобчаларига жалб этиш чоралари ҳам кўрилди. Натижада жиноят содир этган ёшлар сони кескин камайди.
Ўз ўрнида хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларни камайишига эришилди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилиниб, ишламай юрган шахслар ишга жойлаштирилди. Улар томондан қайта жиноят содир этилишини олдини олиш мақсадида моддий ёрдамга муҳтож шахсларга ёрдам кўрсатилди.
Барча ҳудудларда тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш имконини берувчи замонавий тизимлар билан жиҳозланган 21 та махсус хона ташкил этилди.
Тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига, тергов ҳибсхоналарига, реабилитация марказларига замонавий видеокузатув воситалари ўрнатилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда Ички ишлар вазирининг сайёр қабуллари ташкил қилиниб, муаммолар ҳудуднинг ўзида ўрганилмоқда.
Тадбир якунида маҳаллий ҳамда хорижий ОАВ вакилларининг саволларига Ички ишлар вазирлигининг хизмат раҳбарлари ва масъул ходимлари батафсил жавоб беришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги