БМТ тизимидаги ЮНЕСКО ташкилотининг Бутунжаҳон моддий мерос маркази директори ўринбосари Ж.Хосаграхар бошчилигидаги делегация аъзолари тарихий меъморий обидаларнинг муҳофаза этилиши тажрибаси билан танишиш мақсадида Бухорода бўлди.
Вилоят ҳокими Ў.Барноев халқаро ташкилот вакилларига мамлакатимизда миллий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган обидаларни асл ҳолида асраб қолиш бўйича давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Икки ярим минг йилдан зиёд тарихга эга Бухоро шаҳридаги бетакрор меъморчилик ёдгорликлари дунё аҳли эътиборини қаратиб келмоқда. Бу обидалар бутунжаҳон аҳамиятига молик осори-атиқалар сифатида эътироф этилган. Халқимизнинг юксак меъморчилик санъатини кўп асрлардан буён кўз -кўз этаётган ана шу обидалардан 132 таси жойлашган шаҳарнинг тарихий қисми ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон моддий мерос рўйхатига киритилгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.
Меҳмонларга асрлар ва насллар мулки бўлган ёдгорликларни асрашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилгани, Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда бошқа тегишли ҳужжатлар ижроси борасида амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар тўғрисидаги лойиҳалар тақдимот қилинди. Тадбирда шаҳарнинг тарихий қисмини муҳофаза қилиш, шунингдек, унинг сайёҳлик нуқтаи назаридан жозибадорлиги барқарорлигини таъминлашда ЮНЕСКО ва Умумжаҳон моддий мероси марказига ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар берилди.
– Бухоро нафақат музей шаҳар, балки айни пайтда худди ўтмишдагидек, бу ерда одамлар яшаб келаётган тарихийлик руҳи уфуриб турган, бунёдкор тирик шаҳар эканлиги билан ажралиб туради, – деди ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий мероси маркази директори ўринбосари Ж.Хосаграхар. – Бугунги мулоқотда дунё эътиборини тортиб келаётган шаҳрингизнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш борасидаги саъй ҳаракатлар ва режалар ҳақида кенг маълумотга эга бўлдим. Албатта, шаҳарнинг бош режасини ишлаб чиқишда унинг тарихий қисми билан узвийлик назарда тутилаётгани эътиборга лойиқ. Бу ҳудудда турли объектлар қурилиши биз билан келишувлар асосида амалга оширилиши диққатга сазовор. Моддий мерос обидаларини таъмирлаш, консервация қилишга келсак, бу масалада ҳам тегишли тавсияларни берамиз.
Меҳмонлар шундан сўнг шаҳарнинг тарихий қисмида бўлдилар.
Халқаро ташкилот вакиллари томонидан “Азия Бухоро” меҳмонхонасида архитектура соҳаси мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Умумжаҳон моддий мерос рўйхатига киритилган шаҳарнинг тарихий маркази мавзуида интерфаол асосида тренинг ва маҳорат сабоқлари ўтказилди. Унда қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди.
Уларнинг фикрича, эркин мулоқот тарзида кечган мулоқот иштирокчиларнинг ноёб обидалар жойлашган марказга хос шаҳарсозликка оид билимларини бойитган ҳолда аждодлардан қолган моддий мерос объектларини асраш борасидаги масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: ЎзА