Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркияликлар ҳам таклиф ва шикоятлар билан 1091 “ишонч телефони”га мурожаат қилишлари мумкин
2019-01-23 | Жамият
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Туркия истеъмолчилар ҳуқуқлари уюшмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ икки мамлакат истеъмолчиларининг ҳуқуқлари муҳофазаси истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ҳар иккала ташкилот ҳамкорлиги доирасида амалга оширилади.
Эндиликда Ўзбекистон ҳудудида бўлган Туркия фуқаролари таклиф, шикоят ва ариза билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 “ишонч телефони”га ёки www.istemol.uz электрон манзилига мурожаат қилишлари мумкин.
Худди шу каби, Туркияда ишлаётган, таълим олаётган ёки бу мамлакатга сайёҳ сифатида борган юртдошларимиз истеъмолчи сифатида – у савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида бўлишидан қатъи назар, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда Туркия истеъмолчилар ҳуқуқлари уюшмасининг +90 (0312) 425 15 29 “ишонч телефони”га ёки thd@tuketicihaklari.org.tr электрон манзилига мурожаат қилишлари мумкин.
Бундай амалиёт муқаддам қонунчилик даражасида кўриб чиқиш имконияти бўлмаган, асосан икки мамлакат сайёҳларига кўп миқдорда зарар етказиши, шунингдек мамлакатнинг туризм салоҳияти ва нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муаммоларга ўз вақтида ечим топишга ёрдам беради.
Манба: ЎзА