Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикасининг Консуллик устави

2019-01-18 | Ҳужжатлар

Ушбу Консуллик устави консуллик фаолиятини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва ҳуқуқий асосларини, консуллик мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳимоя қилишга доир вазифаларини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Консуллик фаолиятининг асосий вазифалари

Консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда берилган барча ҳуқуқлардан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш имкониятига эга бўлиши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.

Консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан яхши қўшничилик ҳамда дўстона муносабатларини ривожлантиришга, иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий алоқаларни ва бошқа алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш учун йўналтирилгандир.

 

2-модда. Консуллик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси

 Консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, ушбу Консуллик уставига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ, консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

 

3-модда. Консуллик муносабатларини ўрнатиш

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан консуллик муносабатларини ўрнатиш ўзаро келишувга кўра амалга оширилади.

Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларни ўрнатишга доир келишув, агар бошқача қоида шартлашилмаган бўлса, консуллик муносабатларини ўрнатишга бўлган розиликни билдиради.

Дипломатик муносабатларнинг узилиши консуллик муносабатларининг автоматик узилишини ва Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси фаолиятининг тугатилишини англатмайди.

 

4-модда. Консуллик фаолиятини амалга ошириш

Консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари (бундан буён матнда консуллик муассасалари деб юритилади), шунингдек Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўз ваколатлари доирасида консуллик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

 

2-боб. Консуллик муассасаси

5-модда. Консуллик муассасасининг мақоми

Консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлат ҳудудида консуллик округи доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан консуллик функцияларини бажарувчи ташқи алоқалар бўйича давлат органидир. Консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради.

Консуллик муассасаси консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси бошлиғига бўйсунади ва унинг умумий раҳбарлигида фаолият кўрсатади. Консуллик муассасаси жойлашган давлатда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлмаган тақдирда, консуллик муассасаси бевосита Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунади.

Консуллик муассасаси юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, ўзига бириктирилган мол-мулкка, реквизитларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга (муҳрларга), тегишли штамплар ва бланкаларга, шунингдек банкларда ҳисобварақларга эга бўлади.

Консуллик хоналаридан, шу жумладан бинолардан ёки биноларнинг қисмларидан ҳамда бундай биноларга ёки уларнинг қисмларига хизмат қилувчи ер участкасидан, уларга бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, консуллик вазифаларининг бажарилишига мувофиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланилмаслиги керак.

 

 

6-модда. Консуллик муассасаларининг даражалари

Консуллик муассасалари қуйидаги даражаларга бўлинади:

бош консуллик муассасалари;

консуллик муассасалари;

вице-консуллик муассасалари;

консуллик агентликлари.

 

7-модда. Консуллик муассасасини очиш

Консуллик муассасаси консуллик муассасаси жойлашадиган давлат ҳудудида шу давлатнинг розилиги билан очилади.

Консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан очилади.

Консуллик муассасасининг жойлашиш ери, ушбу муассасанинг даражаси ва консуллик функцияларини бажариш учун консуллик муассасасига ажратиладиган консуллик округи консуллик муассасаси жойлашадиган давлат билан келишувга кўра белгиланади.

Консуллик муассасасининг жойлашган ерини, ушбу муассасанинг даражасини ва консуллик округини кейинчалик ўзгартириш фақат консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

 

8-модда. Консуллик муассасаларининг имтиёзлари ва иммунитетлари

Консуллик муассасалари консуллик муассасаси жойлашган давлатда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар ва иммунитетлардан фойдаланади.

 

9-модда. Консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларидан фойдаланиш

Консуллик муассасаси ўзи эгаллаб турган бинога Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ва консуллик муассасаси жойлашган давлат тилида консуллик муассасасининг номи ёзилган пешлавҳа ўрнатиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи доимий равишда консуллик муассасаларининг биноларида ёки ҳудудларида ва транспорт воситаларида, шунингдек консуллик муассасалари бошлиқларининг хизмат хоналарида кўтарилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда консуллик муассасаси биносининг олд томонига, шунингдек консуллик муассасалари бошлиқларининг хизмат хоналарига жойлаштирилади.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, дипломатик протокол қоидалари, шунингдек консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатлари ҳамда урф-одатлари инобатга олиниши керак.

 

10-модда. Консуллик архиви

Консуллик муассасасининг барча ҳужжатлари, хат-хабарлари, китоблари, аудио- ва видеоматериаллари, электрон ахборот ташувчилари, реестрлари шифрлар ва кодлар, муҳрлар ва штамплар, картотекалар ҳамда уларнинг бут сақланиши ёки асралишини таъминлаш учун мўлжалланган ҳар қандай жиҳозлаш ашёлари билан биргаликда консуллик архиви ҳисобланади.

Консулликнинг мансабдор шахслари консуллик архивининг дахлсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриши шарт.

 

3-боб. Консулликнинг мансабдор шахслари

11-модда. Консулликнинг мансабдор шахси

Консулликнинг функцияларини бажаришга ваколатли бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси консулликнинг мансабдор шахси бўлиши мумкин.

Консулликнинг мансабдор шахси лавозимига номзодларга доир талаблар қонун ҳужжатларида белгиланади.

Консулликнинг мансабдор шахсини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

 

12-модда. Консуллик муассасасининг бошлиғи

Консуллик муассасаларининг бошлиқлари қуйидаги даражаларга бўлинади: бош консуллар, консуллар, вице-консуллар, консуллик агентлари.

Консуллик муассасасининг бошлиғи консуллик муассасаси ишига бевосита раҳбарлик қилади, консуллик муассасасининг зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади, консуллик муассасаси ходимларининг лавозим мажбуриятларини белгилайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Консуллик муассасасининг бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг розилиги (экзекватураси) олинганидан кейин ўз функцияларини бажаришига йўл қўйилади. Унинг тайинланганлиги тўғрисида консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ҳокимият органлари хабардор қилинади.

Консуллик муассасасининг бошлиғи лавозимга тайинланаётганида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан консуллик патентини олади, патентда унинг консуллик округи кўрсатилади.

Консуллик муассасасининг бошлиғи консуллик функцияларини шахсан бажаради ёки уларни бажаришни консулликнинг бошқа мансабдор шахсига топширади. Агар консуллик муассасасининг бошлиғи бирон-бир сабабга кўра ўз вазифаларини бажара олмайдиган бўлса ёки консуллик муассасасининг бошлиғи лавозими вақтинча бўш турган бўлса, консуллик муассасасининг бошлиғи мажбуриятларини бажариш ушбу консуллик муассасасининг ёки Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахси зиммасига ёхуд шу давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонаси дипломатик ходимларидан бирининг зиммасига юклатилади.

 

13-модда. Консуллик мансабдор шахсларининг имтиёзлари ва иммунитетлари

Консулликнинг мансабдор шахслари, шунингдек уларнинг аккредитация қилинган оила аъзолари консуллик муассасаси жойлашган давлатда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар ва иммунитетлардан фойдаланади.

Консулликнинг мансабдор шахслари ва уларнинг оила аъзолари консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонунлари ва қоидаларига риоя этиши, маҳаллий урф-одатларни ҳурмат қилиши ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ички ишларига аралашиш деб қаралиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.

 

4-боб. Консулликнинг функциялари

14-модда. Консулликнинг мансабдор шахслари томонидан консуллик функцияларини бажариш

Консулликнинг мансабдор шахси ушбу Консуллик уставида, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда назарда тутилган функцияларни бажаради.

Консулликнинг мансабдор шахси, агар Ўзбекистон Республикасининг ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга зид бўлмаса, ушбу Консуллик уставида назарда тутилмаган бошқа функцияларни бажариши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлмаган давлатларда консулликнинг мансабдор шахси зиммасига консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг розилиги билан дипломатик функциялар ҳам юклатилиши мумкин.

Консулликнинг мансабдор шахси томонидан бошқа давлатнинг консуллик функцияларини бажариш фақат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмасига биноан ва консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик функцияларини учинчи давлатда фақат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг топшириғига биноан, консуллик муассасаси жойлашган давлат ва учинчи давлат хабардор қилинганидан кейин, агар мазкур давлатлар бунга қарши эътироз билдирмаса, бажаради.

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик функцияларини бажариш чоғида ўз консуллик округи доирасида консуллик муассасасининг фаолияти билан боғлиқ барча масалалар юзасидан консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ҳокимият органларига мурожаат этиши мумкин.

Зарур ҳолларда, консулликнинг мансабдор шахси консуллик округини айланиб чиқади.

Консуллик мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ консуллик муассасасининг бошлиғига, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги дипломатик ваколатхонаси бошлиғига ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ёхуд суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

 

15-модда. Консулликнинг фуқароларга ва юридик шахсларга тааллуқли функциялари

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда, халқаро урф-одатларда, шунингдек консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида берилган барча ҳуқуқлардан фойдаланиши учун, агар бундай ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, чоралар кўриши шарт.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклдаги мурожаатларини қабул қилади ҳамда кўриб чиқади.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун чоралар кўриши шарт.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг консуллик округи доирасида турган вакилларига хизмат мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади.

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик округида вақтинча турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатлари тўғрисида, шунингдек маҳаллий урф-одатлар тўғрисида хабардор қилади.

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик округида турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига маданий-маърифий тадбирлар ўтказишда кўмаклашади.

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг муассасаларида, агар ушбу давлатда фуқаро ёки юридик шахснинг вакили мавжуд бўлмаса ва у иш юритишни ўзга шахсга топширмаган бўлса ёхуд бошқа сабабларга кўра ўзининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари номидан ишончномасиз вакиллик қилиш ҳуқуқига эгадир. Ушбу вакиллик Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки юридик шахслари ўз вакилларини тайинлагунига қадар ёхуд ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олгунига қадар давом этади.

 

16-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини консуллик ҳисобига олиш

Консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида вақтинча турган ёки доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳисобини юритади.

 

17-модда. Консулликнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ функциялари

Консулликнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида:

1) хорижда доимий яшаётган шахслардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир аризаларни қабул қилади;

2) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир аризаларни асослаш учун тақдим этилган фактлар ва ҳужжатларни текширади;

3) фуқаролик масалаларига доир аризаларни зарур ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборади;

4) хорижда доимий яшаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлайди;

5) хорижда доимий яшаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлигини рўйхатдан ўтказади;

6) хорижда доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади.

Консулликнинг мансабдор шахслари зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалалар юзасидан қўшимча маълумотларни сўраб олиши мумкин.

 

18-модда. Консулликнинг Ўзбекистон Республикасининг фуқароси паспортини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш, бериш ва алмаштириш юзасидан функциялари

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган ёки хизмат сафари, контракт бўйича иш, ўқиш ёхуд даволаниш мақсадида вақтинчалик турган шахсга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган шахсларга чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ёки Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бўлмаган шахсининг ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш, бериш ва алмаштириш учун ҳужжатларни қабул қилади.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларининг чет элда доимий яшашга доир рухсатномасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳужжатларини қабул қилади.

 

19-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан йўқотилган тақдирда консулликнинг функциялари

Агар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни йўқотса ва бу ҳақда консуллик муассасасига мурожаат қилса, консулликнинг мансабдор шахси аризачи тўғрисидаги маълумотлар текширилганидан ҳамда унинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублиги тасдиқланганидан кейин мазкур фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ва унга Ўзбекистон Республикасига кириш (қайтиб келиш) ҳуқуқини берувчи вақтинчалик ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштиради ҳамда беради.

 

20-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароси консуллик округи ҳудудида яшаш учун маблағларсиз турган тақдирда консулликнинг функциялари

Агар консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси яшаш учун маблағларсиз қолган ва бу ҳақда консуллик муассасасига мурожаат қилган бўлса, консулликнинг мансабдор шахси:

мазкур фуқарони юборган ёки таклиф этган шахснинг ёхуд ташкилотнинг ушбу фуқаронинг консуллик округи ҳудудида бўлиши билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплашга доир мажбуриятлари мавжудлигини аниқлайди ва уларнинг бажарилишига кўмаклашади;

мазкур фуқаронинг ўз оила аъзолари, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан алоқалар ўрнатишига кўмаклашади.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чора-тадбирлар етарли бўлмай қолса, консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишувга кўра мазкур фуқаронинг Ўзбекистон Республикасига қайтиб кетишини таъминлаш мақсадида шундай мақсадлар учун махсус ажратилган маблағлар ҳисобига ва уларнинг доирасида молиявий ёрдам кўрсатишга ҳақли.

Молиявий ёрдам кўрсатилган тақдирда, консуллик муассасаси билан фуқаро ўртасида нотариал тасдиқланган битимга тенглаштириладиган шартнома тузилиб, унда консуллик муассасасидан молиявий ёрдам олган шахс олинган молиявий маблағларнинг ўрнини ўттиз кунлик муддатда қоплаш мажбуриятини олади.

Молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби, бунинг учун ажратилган маблағларнинг миқдори, шунингдек уларни қайтариш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Консуллик муассасаси томонидан кўрсатилган молиявий ёрдам суммаси белгиланган муддат ичида қайтарилмаган тақдирда, консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ижро хати юборади, ижро хати бўйича қарздорликни ундириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сўзсиз амалга оширилади.

Молиявий ёрдам кўрсатиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси консуллик округи ҳудудига қонунга хилоф равишда кирган бўлса;

консуллик муассасаси жойлашган давлат судининг (ваколатли органининг) бажарилмаган шартнома мажбуриятлари мавжудлиги ёки бошқа асослар муносабати билан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чиқиб кетишини тақиқлаш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлса;

молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилинишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар яширилган ёки била туриб ёлғон маълумотлар тақдим этилган бўлса;

илгари олинган маблағларнинг ўрнини қоплаш бўйича бажарилмаган мажбуриятлар мавжуд бўлган тақдирда.

Молиявий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.

Консулликнинг мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида бошқа зарур ёрдам кўрсатиши мумкин.

 

21-модда. Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва кўмаклашиш юзасидан консулликнинг функциялари

Консулликнинг мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида турган, одам савдосидан жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни амалга оширади;

одам савдосидан жабрланганларнинг Ўзбекистон Республикасига қайтишига кўмаклашади, уларда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса, уларнинг шахсини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаш бўйича ўз вақтида чоралар кўради ҳамда консуллик йиғимларини ва бошқа йиғимларни ундирмасдан уларга Ўзбекистон Республикасига қайтиши учун ҳужжатларни расмийлаштиради;

зарур ҳолларда, консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг тегишли ваколатли органларига Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳақида маълумотлар тақдим этади;

одам савдосидан жабрланганларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот тақдим этади.

 

22-модда. Визаларни расмийлаштириш ва бериш юзасидан консулликнинг функциялари

Консулликнинг мансабдор шахси чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш ёки унинг ҳудуди орқали транзит тарзида ўтиш учун визаларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда расмийлаштиради ва беради, бундан электрон визалар мустасно.

 

23-модда. Консулликнинг Ўзбекистон Республикасининг ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ёхуд бедарак йўқолган фуқароларига тааллуқли функциялари

Консуллик муассасаси жойлашган давлат ҳудудида турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ушлаб турилганлиги, қамоққа олинганлиги, маъмурий қамоққа олинганлиги ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлиги тўғрисида маълумотлар олинган тақдирда, консулликнинг мансабдор шахси:

1) консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ваколатли органлари орқали фуқаро (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, яшаш жойи, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублиги) тўғрисида, шунингдек иш ҳолатлари ҳақида ахборот олади;

2) мазкур факт тўғрисида консуллик муассасасининг бошлиғини, зарур ҳолларда эса Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги дипломатик ваколатхонасини хабардор қилади;

3) Ўзбекистон Республикаси фуқаросини тегишли юридик ёрдам билан таъминлаш бўйича чоралар кўради;

4) Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан учрашиш учун чоралар кўради;

5) Ўзбекистон Республикаси фуқаросига йўлланган хат-хабарлар ва посилкаларнинг топширилишига халқаро ҳуқуқ ва консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатлари йўл қўядиган доираларда кўмаклашади.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан шахсан учрашув чоғида бундай фуқарога нисбатан халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномалар қоидаларига ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига риоя этилаётганлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Агар ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ҳуқуқлари бузилаётган бўлса, консулликнинг мансабдор шахси халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ, ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқларни тиклаш юзасидан консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида йўл қўйиладиган чораларни кўради.

Консулликнинг мансабдор шахси, зарур ҳолларда ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароси қайси давлатда жазони ўтаётган ёки суд қарорининг ижро этилишини кутаётган бўлса, ўша давлатнинг ҳокимият органларига авф этиш, муддатидан илгари озод қилиш ёхуд суд қарорини ижро этишни тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимоснома билан, агар Ўзбекистон Республикасининг мазкур давлат билан халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мурожаат этиши мумкин.

Консулликнинг мансабдор шахси ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси номидан ҳар қандай чоралар кўришдан, агар мазкур фуқаро бундай чоралар кўрилишига қарши эътироз билдирса, тийилиб туради.

Консуллик муассасасининг бошлиғи ёки Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги дипломатик ваколатхонаси бошлиғи ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан кўрилган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилади.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг бедарак йўқолган, тегишли консуллик округи ҳудудида турган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлган фуқароларини қидиришда ёрдам кўрсатилишини сўраб консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ваколатли органларига дарҳол мурожаат этади.

 

24-модда. Консулликнинг Ўзбекистон Республикаси тергов органларининг ҳамда судларининг топшириқларини бажаришга тааллуқли функциялари

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси тергов органларининг ҳамда судларининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хусусидаги топшириқларини Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ ёки, агар бундай шартномалар мавжуд бўлмаса, консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай бошқача тартибда бажаради.

 

25-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқларини ва Ўзбекистон Республикасининг референдумида иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишда уларга кўмаклашиш юзасидан консулликнинг функциялари

Консуллик муассасаси жойлашган давлатда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига сайлов ҳуқуқларини ва Ўзбекистон Республикасининг референдумида иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишда уларга кўмаклашиш бўйича функциялар консуллик муассасаси томонидан бажарилади.

Консуллик муассасасидаги сайлов участкаси (референдум участкаси) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида тузиладиган сайлов участкасини (референдум участкасини) сайлов округига (округга) қайд этиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.

Консуллик муассасасининг бошлиғи:

участка сайлов комиссияси (участка комиссияси) раисининг вазифаларини амалга оширади;

сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатини (референдум участкаси бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхатини) тузиш учун маълумотларни тақдим этади;

сайловчиларнинг рўйхати (овоз берувчи фуқаролар рўйхати) билан танишиш жойи ва вақти ҳақида сайловчиларни (фуқароларни) хабардор қилади;

сайлов участкаси (референдум участкаси) тузилганлиги тўғрисида консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ҳокимият органларини расман хабардор қилади.

 

26-модда. Консулликнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш юзасидан функциялари

Консуллик муассасалари қуйидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этади:

туғилиш;

никоҳ тузиш;

никоҳни бекор қилиш;

ўлим.

Консулликнинг мансабдор шахси чет элда доимий ёки вақтинча яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, фуқаролик ҳолатини Ўзбекистон Республикасида қайд этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан далолатномалар ёзувларига ўзгартишлар, тузатишлар ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, далолатномалар ёзувларини қайта тиклаш ҳақидаги, шунингдек фамилияси, исми ва отасининг исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризаларни тегишли ҳужжатлар билан бирга қабул қилиб олади ҳамда ушбу ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ваколатли органларга топширади.

Консулликнинг мансабдор шахсига мурожаат этган шахслардан бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси, бошқаси эса чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган ҳолларда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш масалалари, башарти фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш консуллик муассасаси фаолият кўрсатаётган давлатнинг қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига зид бўлмаса, ҳал этилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоида назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

27-модда. Консулликнинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан функциялари

Консулликнинг нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи мансабдор шахси нотариал ҳаракатларни амалга ошириш сирига риоя этиши шарт. Консулликнинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш сирининг ошкор этилишида айбдор бўлган мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ жавобгар бўлади.

Консулликнинг мансабдор шахси ўз номига ва ўз номидан, ўзининг хотини (эри) номига ва унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг яқин қариндошлари номига ва уларнинг номидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Консулликнинг мансабдор шахси нотариал ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига амал қилади. Консулликнинг мансабдор шахси қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёки зарур ваколатларга эга бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат этган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига номувофиқ бўлса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқ бўлса.

Агар тақдим этилган ҳужжатлардан уларнинг қалбакилаштирилганлиги аниқ кўриниб турган бўлса ёки бу ҳақда шубҳаланиш учун етарли асослар мавжуд бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига номувофиқ деб ҳисобланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда, нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганлиги тўғрисида консулликнинг мансабдор шахси мурожаат этилган кундан эътиборан уч кунлик муддатдан кечиктирмай қарор чиқаради ва уни нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат этган шахсга беради.

Консулликнинг мансабдор шахси қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга:

1) битимларни (шартномалар, васиятномалар, ишончномалар ва бошқаларни) тасдиқлаш, бундан Ўзбекистон Республикасида жойлашган кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномалар мустасно;

2) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш;

3) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш;

4) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлаш;

5) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлаш;

6) мерос қилиб қолдирилган мол-мулкни қўриқлаш чораларини кўриш;

7) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар бериш;

8) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар бериш;

9) ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш;

10) ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш;

11) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлаш;

12) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олиш;

13) сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиб олиш;

14) ижро хатларини ёзиш;

15) денгиз протестларини амалга ошириш.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Консуллик муассасасида нотариал иш юритиш Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида амалга оширилади. Зарур ҳолларда ҳужжатлар бошқа тилларда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

 

28-модда. Чет давлат ҳужжатлари ва далолатномаларини консуллик томонидан легаллаштириш юзасидан консулликнинг функциялари

Чет давлат ҳужжатлари ва далолатномаларини консуллик томонидан легаллаштириш ҳужжатлардаги ҳамда далолатномалардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатни ёки далолатномани имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини ҳамда бу ҳужжатлар ва далолатномаларнинг консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир. Консуллик томонидан ҳужжатлар ва далолатномаларнинг легаллаштирилиши уларнинг халқаро муносабатлардаги қонунийлигини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси муассасалари ва ташкилотлари чет давлатнинг муассасалари ҳамда ташкилотларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномаларни улар консуллик томонидан легаллаштирилган тақдирдагина, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда муассасалари ва ташкилотларидан мазкур ҳужжатлар ва далолатномалар жўнатиладиган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик округидаги ҳокимият органлари вакиллари иштирокида тузилган ёки ушбу ҳокимият органларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштиради.

Консулликнинг мансабдор шахси чет элнинг расмий ҳужжатини легаллаштиришни амалга ошириши учун мазкур ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги ёки бошқа тиллардаги нотариал тартибда тасдиқланган таржимасини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.

Қуйидаги ҳужжатлар ва далолатномалар консуллик томонидан легаллаштирилмайди:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳужжатлар ва далолатномалар;

ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳужжатлар ва далолатномалар;

нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар ва далолатномалар;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар ва далолатномалар.

Агар ҳужжатга ёки ушбу ҳужжатга бириктирилган вараққа апостиль қўйилган бўлса, бу ҳужжатни легаллаштириш талаб этилмайди.

Консулликнинг мансабдор шахси апостиль қўйилган ҳужжатларни, агар апостиль Ўзбекистон Республикаси билан муносабатларда чет элнинг расмий ҳужжатларини легаллаштиришга доир талабни рад этадиган Конвенция қўлланиладиган чет давлатнинг ваколатли органи томонидан қўйилган бўлса, қабул қилиши шарт.

 

29-модда. Ҳужжатларни талаб қилиб олишюзасидан консулликнинг функциялари

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аризалари бўйича консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг давлат органларидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган муассасалар 

ва ташкилотлардан фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги, маълумоти ҳақидаги, меҳнат стажи тўғрисидаги ҳамда аризачиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига тааллуқли бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олади.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аризалари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган муассасалар ҳамда ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали келиб тушадиган сўровлари бўйича консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ваколатли органларидан аризачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиб олади.

 

30-модда. Консулликнинг Ўзбекистон Республикасининг фарзандликка олинган вояга етмаган фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган фуқароларига тааллуқли функциялари

Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаётган, ота-онаси ҳомийлигидан маҳрум бўлган вояга етмаганлар, Ўзбекистон Республикасининг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган фуқаролари устидан, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ўз ҳуқуқларини мустақил равишда амалга оширишга ҳамда ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаган вояга етган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгилаш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган вояга етмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини фарзандликка олишни хоҳлайдиган, консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг илтимосига кўра консулликнинг мансабдор шахси уларни фарзандликка олишнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган суд тартиби тўғрисида хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқароси консуллик округи ҳудудида ота-онаси ҳомийлигидан маҳрум бўлиб қолганлиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган консулликнинг мансабдор шахси бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилади, Ўзбекистон Республикасининг бундай фуқароси устидан васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига кўмаклашади ҳамда унинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўради.

 

31-модда. Консулликнинг Ўзбекистон Республикаси ҳаво, денгиз ва дарё кемаларига, шунингдек автомобиль ва темир йўл транспорти воситаларининг ҳаракатдаги таркибига тааллуқли функциялари

Консулликнинг мансабдор шахси консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг аэропортларида Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемасининг командири, экипажи ва йўловчиларига консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳуқуқлар ҳамда иммунитетлар берилишини кузатиб боради.

Консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемасининг командири, экипажи ва йўловчиларига консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ҳокимият органлари билан муносабатларда ёрдам кўрсатиши, шунингдек зарур бўлган тақдирда ҳаво кемаси, унинг экипажи ва йўловчиларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш ёки парвозни давом эттириш чораларини кўриши керак.

Консулликнинг мансабдор шахси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳаво кемасининг аэропортга учиб келишига, ундан учиб кетишига ва ҳаво кемасининг аэропортда туришига кўмаклашиш;

ҳаво кемасида юз берган ҳодисаларнинг ҳолатларини аниқлаштириш, ҳаво кемасининг командиридан, экипажи аъзоларидан ва йўловчиларидан сўраб-суриштириш;

ҳаво кемаси, ундаги юк ва рейс тўғрисидаги маълумотларни олиш;

зарур бўлган тақдирда ҳаво кемаси экипажи аъзолари ва йўловчиларининг даволанишини ҳамда Ўзбекистон Республикасига жўнатиб юборилишини таъминлаш чораларини кўриш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, почта ва юкларни Ўзбекистон Республикаси аэропортларига борадиган Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемаларида жўнатиб юбориш;

ҳаво кемаларига тааллуқли бўлган, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган декларацияни ёхуд бошқа ҳужжатни олиш, тузиш, тасдиқлаш.

Консуллик округи доирасида ҳаво кемаси фалокатга учраган, қўнишга мажбур бўлган ёки бошқа ҳодиса содир бўлган тақдирда консулликнинг мансабдор шахси ҳаво кемасининг командирига, экипажига ва йўловчиларига зарур ёрдам кўрсатади.

Консулликнинг мансабдор шахси фалокатга учраган ёки қўнишга мажбур бўлган ҳаво кемасини, ҳодиса хусусиятидан далолат берувчи юклар ва ашёвий далилларни қўриқлаш чораларини кўради ҳамда учиш вақтида юз берган ҳодисани текширишда Ўзбекистон Республикасининг мутахассисларига ёрдам кўрсатади.

Ҳаво кемасининг бортида жиноят содир этилган тақдирда консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан ва қонун ҳужжатларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришда ҳаво кемасининг командирига кўмаклашади.

Агар консулликнинг мансабдор шахсида мавжуд бўлган маълумотларга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемасининг муайян аэропортга кириши хатарли, номақбул бўлса ёки мумкин бўлмаса, консулликнинг мансабдор шахси ҳаво кемаси командирини бу ҳақда огоҳлантириши шарт.

Консулликнинг мансабдор шахси денгиз ва дарё кемаларига, автомобиль ва темир йўл транспорти воситаларининг ҳаракатдаги таркибига тааллуқли консуллик функцияларини бажариш чоғида ушбу модданинг биринчи – еттинчи қисмлари қоидаларига амал қилади.

Денгиз ёки дарё кемаси чет элда олинган тақдирда консулликнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юриш ҳуқуқини берувчи вақтинчалик гувоҳнома беради. Мазкур вақтинчалик гувоҳнома берилган пайтдан эътиборан то денгиз ёки дарё кемаси Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилгунига қадар, лекин берилган пайтдан эътиборан кўпи билан олти ой амал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юриш ҳуқуқини берувчи вақтинчалик гувоҳномани расмийлаштириш учун аризачи денгиз ёки дарё кемасини олиш асосларига боғлиқ ҳолда ҳужжатларни консулликнинг мансабдор шахсига тақдим этади.

 

32-модда. Консуллик округи ҳудудида табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келганда ва террорчилик ҳаракатлари содир этилганда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан консулликнинг функциялари

Консулликнинг мансабдор шахси табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келган ва террорчилик ҳаракатлари содир этилган зоналарда қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек бу зоналардаги вазиятнинг ривожи ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини ўз вақтида хабардор қилади.

Консулликнинг мансабдор шахси табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келганда ёки уларнинг вужудга келиш хавфи бўлганда, шунингдек террорчилик ҳаракатлари содир этилганда ёки уларнинг содир этилиш хавфи бўлганда консуллик округи ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўради.

Консулликнинг мансабдор шахси, зарур бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яқин хавфсиз зонага эвакуация қилинишини ташкил этиш ёки уларнинг Ўзбекистон Республикасига қайтарилишини таъминлаш, шунингдек ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг таналарини Ўзбекистон Республикасига жўнатиш бўйича чоралар кўради.

 

33-модда. Консулликнинг санитар ҳимоя соҳасига

оид функциялари

Консуллик округи доирасида карантинли юқумли касалликлар пайдо бўлган тақдирда консулликнинг мансабдор шахси касаллик тарқалган ҳудуднинг номини, касалликка чалинганлар сонини ва консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг ваколатли органлари томонидан амалга оширилаётган эпидемияга қарши тадбирларни кўрсатган ҳолда бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар қилади.

 

34-модда. Консулликнинг фитосанитар ҳимоя соҳасига

оид функциялари

Консуллик округи доирасида ўсимликлар зараркунандалари, ўсимликлар касалликларини қўзғатувчилар, карантин аҳамиятига эга ўсимликлар-бегона ўтлар пайдо бўлган тақдирда консулликнинг мансабдор шахси бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар қилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ёки юридик шахслари мурожаат этган тақдирда консулликнинг мансабдор шахси уларни консуллик муассасаси жойлашган давлатга кириш чоғида ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва хом ашёси учун тегишли фитосанитария сертификатларини, пестицидлар ва (ёки) агрохимикатлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни кўрсатиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантиради, шунингдек манфаатдор шахсларни тегишли давлатга уруғликлар, ўсимликлар, кўчатлар, янги мева ва сабзавотларни олиб кириш қоидалари тўғрисида хабардор қилади.

 

35-модда. Консулликнинг ветеринар ҳимоя соҳасига

оид функциялари

Консуллик округи доирасида ҳайвонларнинг умумий касалликлари тарқалиши хавфи бўлган ёки тарқалган, шунингдек инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлар тарқалиши хавфи бўлган ёки тарқалган ҳолларда консулликнинг мансабдор шахси бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар қилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ёки юридик шахслари мурожаат этган тақдирда консулликнинг мансабдор шахси уларни консуллик муассасаси жойлашган давлатга кириш чоғида ҳайвонлар, чорва маҳсулотлари ва хом ашёси учун тегишли ветеринария сертификатларини кўрсатиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантиради, шунингдек манфаатдор шахсларни тегишли давлатга ҳайвонларни олиб кириш қоидалари тўғрисида хабардор қилади.

 

36-модда. Консулликнинг мансабдор шахси

функцияларининг тугатилиши

Консуллик мансабдор шахсининг функциялари қуйидаги ҳолларда тугатилади:

у чақириб олинганда;

экзекватура бекор қилинганда;

консуллик муассасаси ёпилганда;

консуллик муносабатлари тугатилганда.

Консуллик мансабдор шахсининг функциялари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам тугатилиши мумкин.

 

37-модда. Консулликнинг мансабдор шахси фаолияти

самарадорлигини баҳолаш мезонлари

Консулликнинг мансабдор шахси фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

 

38-модда. Ушбу Консуллик устави нормаларини бузганлик

учун жавобгарлик

Ушбу Консуллик устави нормаларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

39-модда. Консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг

ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар

Консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун консуллик йиғимлари, шунингдек кўрсатилган ҳаракатлар амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади.

Консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан ундириладиган йиғимлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилади.

Консуллик йиғимларининг тарифлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тасдиқланади. Консуллик ҳаракатлари амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларнинг миқдорлари Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги консуллик муассасаси бошлиғи ёки дипломатик ваколатхонаси бошлиғи томонидан кўрсатилган йиғимлар ставкаларини ҳисоблашнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ягона услубиёти асосида тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасининг бошлиғи ва дипломатик ваколатхонасининг бошлиғи консуллик йиғимларининг ва консуллик ҳаракатлари амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатлар ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларнинг ставкаларини пасайтиришга ёки айрим шахсларни бундай йиғимларни тўлашдан уларнинг аризаларига кўра, агар ушбу шахслар томонидан кўрсатилган сабаблар аниқланса ва узрли деб топилса, озод қилишга ҳақли.

Консуллик йиғимлари ва консуллик ҳаракатлари амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳолларда ундирилмайди.

 

5-боб. Ўзбекистон Республикасининг фахрий консули

40-модда. Ўзбекистон Республикаси

фахрий консулининг мақоми

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг розилиги билан айрим консуллик функцияларини бажаришни Ўзбекистон Республикасининг фахрий консулига (бундан буён матнда Фахрий консул деб юритилади) топшириши мумкин.

Консуллик муассасаси жойлашган давлатда муносиб ижтимоий мавқени эгаллаган ва зарур шахсий фазилатларга эга, шунингдек зиммасига юклатилган консуллик функцияларини лозим даражада бажариш имкониятига эга шахслардан бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳам, чет эл фуқароси ҳам Фахрий консул бўлиши мумкин.

Фахрий консул Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматида турмайди ва ўз функцияларини бажарганлик учун Ўзбекистон Республикасидан бирон-бир пул мукофоти олмайди.

Фахрий консул Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Фахрий консул ўз функцияларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки қайси консуллик округи ҳудудида фаолият кўрсатаётган бўлса, ўша консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги консуллик муассасаси раҳбарлиги остида бажаради. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бундай раҳбарликни Фахрий консул турган давлатга қўшни ёхуд унинг ўзи турган давлатга яқин бўлган давлатлардан бирида жойлашган Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасига ёхуд консуллик муассасасига топширади.

Фахрий консул ўзи турган давлат билан келишувга кўра ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг розилиги билан бир вақтнинг ўзида бошқа чет давлатнинг Фахрий консули мажбуриятларини бажариши мумкин.

 

41-модда. Фахрий консулнинг функциялари

Фахрий консул қуйидаги консуллик функцияларини бажариши мумкин:

консуллик округи ҳудудида вақтинча турган ёки доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритишни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

консуллик округи ҳудудида бедарак йўқолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қидириш бўйича чоралар кўриш;

консуллик округи ҳудудида турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини ва Ўзбекистон Республикасининг референдумларида иштирок этишга бўлган ҳуқуқини амалга оширишда консуллик муассасаси билан келишувга кўра кўмаклашиш;

консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган, устидан васийлик ва ҳомийлик белгиланиши талаб қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

консуллик округи ҳудудида турган Ўзбекистон Республикасининг ҳаво, денгиз ва дарё кемаларига, автомобиль ҳамда темир йўл транспорти воситаларининг ҳаракатдаги таркибига, шунингдек уларнинг экипажлари ва йўловчиларига зарур ёрдам кўрсатиш.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида Фахрий консулнинг бошқа функциялари назарда тутилиши мумкин.

Манба: ЎзА

Поделиться