Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг Япониядаги Элчихонасида вазир Шерзод Кудбиев иштирокида брифинг ўтказилди
2019-01-18 | Жамият
2019 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Элчихонасида Ўзбекистон ишчиларини япон иш берувчилари билан ҳамкорлик қилишга жалб этиш имкониятлари муҳокамасига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ғайрат Фозилов, шунингдек, хорижий ишчи кучини импорт қилиш билан шуғулланувчи Токиодаги 70 дан ортиқ япон компания ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Брифинг давомида вазир томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг уюшган ҳолда танлаш тизимини ривожлантириш, Японияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилишга тайёр япон иш берувчилари учун истиқболлар ва имкониятларни белгилаш ва афзалликлар яратишга оид ўрта муддатли стратегияси тақдим этилди.
Йиғилганларда, айниқса, Ўзбекистонда иш бошлаган амалдаги хусусий бандлик агентликлари ҳақида берилган маълумотлар алоҳида қизиқиш уйғотди. Хусусан, Япониянинг ишбилармон доира вакиллари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда техник стажёрлар дастури (ОТИТ)нинг япон ҳамкорлари билан фаолият юритиш учун тавсия этилган агентликлар реестрини очиқ эълон қилиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашди.
Брифингда савол-жавоблар сессияси ҳам бўлиб ўтиб, унинг доирасида иш берувчиларни қизиқтирган ҳамкорлик йўналишлари бўйича жонли мулоқот ташкил этилди.
Тадбир якунида барча иштирокчилар Ўзбекистон Элчихонаси номидан тушлик-фуршетга таклиф қилинди.
Шунингдек, комплекс “APA Group” халқаро тармоғи асосчиси ва эгаси Тошио Мотойя билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда “APA Group” тармоғининг меҳмонхона хўжалигига ўзбек ишчиларини жалб қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Хусусан, жаноб Мотойя “APA Hotels” меҳмонхоналари тармоғида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун меҳмонхона соҳасидаги Ўзбекистон мутахассисларини жалб қилиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди. Белгиланган келишувларни амалий жиҳатдан юзага чиқариш мақсадида Мотойя Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “APA Group” ўртасида шерикликни назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Учрашув якунида Т.Мотойя Ўзбекистондаги, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятидаги ислоҳотлар ҳақида тақдимот ўтказиш учун Ш.Кудбиевни “APA Group” корпоратив клубининг 2019 йил 17 январда бўлиб ўтадиган учрашувига таклиф этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги