Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида

2019-01-17 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатда ёғ-мой тармоғини ривожлантириш, аҳоли эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва тайёр маҳсулотлар ассортиментларини кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳақиқий ҳолат шуни кўрсатадики, ёғ-мой тармоғини бошқаришнинг ягона тизимининг йўлга қўйилмаганлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини назорат қилиш механизмининг самарасизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги илғор технологияларни ўзлаштиришга, инвестицияларни жалб қилиш ва тармоқнинг жадал ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хом ашё базасининг чегараланганлиги оқибатида тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 50 фоиздан ошмайди, бу давлат иштирокидаги ёғ-мой корхоналар фаолиятининг самарадорлиги ва рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Иқтисодиётда давлатнинг иштирокини янада қисқартириш, республика ёғ-мой тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш учун шароит яратиш мақсадида:

1. Ёғ-мой саноати корхоналари, “Ўзпахтаёғ” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик):

“Ўзпахтаёғ” АЖ негизида Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой саноати корхоналари уюшмасини (кейинги ўринларда – “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси) ташкил этиш ҳамда унга “Ўзпахтаёғ” АЖга тегишли бўлган мол-мулк ва бошқа маблағларни, шунингдек, дебитор ва кредитор қарздорликларни ўтказиш,“Ўзпахтаёғ” АЖга тегишли хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги кўчмас мулк ва акциялар пакети (улуши) бундан мустасно;

хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги “Ўзпахтаёғ” АЖнинг акциялар пакети (улуши)ни 1-иловага мувофиқ Агентликка ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

ихтиёрий равишда аъзо бўлган ёғ-мой саноати корхоналари ва ташкилотлари “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси аъзолари ҳисобланади;

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси ижро аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш унинг таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан амалга оширилади;

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг тақдимномасига асосан унинг таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан сайланади;

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси фаолиятини жорий таъминлаш ва молиялаштириш унинг аъзоларининг бадаллари ва ажратмалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

3. “Ўзёғмойсаноат” уюшмасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ёғ-мой хом ашёларини қайта ишлаш ва ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ягона комплекс сифатида ёғ-мой саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, замонавий бозор муносабатларини тармоққа кенг жорий қилиш;

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси аъзо ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ички ва ташқи бозорда маркетинг тадқиқотларини ташкил қилиш, тармоқни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, хом ашёни чуқур қайта ишлашда ва сифатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, озуқа-ем базасини кенгайтириш, ички бозорни ёғ-мой маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашда тармоқ корхоналарига кўмаклашиш;

ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича илғор хорижий тажрибани ҳар томонлама ўрганиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда техник жиҳатдан қайта жиҳозлашда, юқори унумли замонавий инновацион технологияларни жорий этишда, мазкур мақсадлар учун инвестицияларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда тармоқ корхоналарига кўмаклашиш;

ёғ-мой тармоғининг стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларини халқаро талаблар ва стандартларга уйғунлаштириш орқали уни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;

хом ашё базасини ривожлантириш ҳамда ёғ-мой тармоғи ташкилотларининг мойли ўсимлик уруғларини етиштирувчилар билан ўзаро муносабатлари механизмини такомиллаштириш;

ёғ-мой саноати соҳасида кадрларни тайёрлашга бўлган реал эҳтиёжни ва истиқболли йўналишларни аниқлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда иштирок этиш, мазкур соҳада илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш;

тармоқни жадал ривожлантириш ва ёғ-мой саноатининг барқарор фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

4. Белгилансинки, 2022 йил 1 январга қадар:

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси мол-мулк солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлашдан озод этилади;

ташкилотларнинг шартномалар асосида “Ўзёғмойсаноат” уюшмасига ажратмалари юридик шахслар фойда солиғининг солиққа тортиладиган базасидан чиқарилади.

5. “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси таркибига кирадиган ташкилотлар 2021 йил 1 январга қадар:

ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш мақсадида импорт қилинадиган ёғ-мой хом ашёлари ҳажми ТИФ ТН кодлари 1201-1207 гуруҳи (соя дуккаги, кунгабоқар ва бошқа мойли ўсимликлар уруғлари) бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно);

ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчилар импорт қилинган ёғ-мой хом ашёлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмлари бўйича қўшимча қиймат солиғи тўловидан озод қилинсин.

6. “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси таркибига кирадиган ёғ-мой саноати корхоналарига 2022 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ТИФ ТН кодлари 2815, 3802, 3815 гуруҳи бўйича ускуналар, бутловчи буюмлар, материаллар (каустик сода, активлаштирилган табиий минерал маҳсулотлар ва катализаторлар) импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни 90 кунга кечиктириш имконияти берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш бўйича қарздорлик суммасини қўшилган қиймат солиғи юзасидан умумий ҳисоб-китобда ёпишни назарда тутувчи “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси таркибига кирадиган ёғ-мой саноати корхоналарига қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича кечиктириш бериш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов бир ой муддатда:

а) қуйидагиларни назарда тутувчи Ёғ-мой саноатида амалдаги ишлаб чиқаришларни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси”ни тасдиқласин:

амалдаги ишлаб чиқаришларни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 37 та инвестиция лойиҳаларини 2019-2020 йилларда амалга ошириш;

тайёр ўсимлик ёғи импортини босқичма-босқич қисқартириш билан бир вақтда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни 90 фоизгача етказиш ва юқори қўшилган қийматли ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида ёғ-мой хом ашёлари олиб кириш ҳажмларини кўпайтириш;

2021 йилга қадар республикада муқобил мойли ўсимликлар етиштириш ҳажмларини кўпайтириш ҳисобига ёғ-мой хом ашёлари жамғариш миқдорини 100 минг тоннагачаетказиш;

2021 йилга қадар ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажмларини 400 минг тоннагачаетказиш;

лойиҳа қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган истиқболли инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун хорижий инвесторларни жалб қилиш;

б) нархлар барқарорлигини ва ички бозорнинг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини бир маромда таъминлаш мақсадида 50 минг тонна ҳажмли замонавий ёғ-мой хом ашёлари сақлаш сиғимларини ташкил қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқласин.

8. Агентлик 2019 йил 1 сентябрга қадар бўлган муддатда сотиладиган акция пакетлари (улушлари)ни баҳолаш жараёнларининг шаффофлигини, уларнинг бошланғич нархини, шунингдек, савдони ташкил этиш ва ўтказиш шартларини таъминлаган ҳолда ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ ўтказиладиган хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари)ни белгиланган тартибда сотиш чораларини кўрсин.

9. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси ва Агентлик билан биргаликда ёғ-мой тармоғига корхоналарнинг узлуксиз ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлаш учун етарли хом ашё базасига эга бўлган хорижий инвесторларни ва етакчи ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

Агентлик, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда устав жамғармасида давлат улуши мавжуд бўлган ёғ-мой тармоғикорхоналарининг бўш турган ер участкаларини инвентаризациядан ўтказсин ва уларни ихтисослашган кичик саноат зоналарини ташкил этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари захирасига ўтказиш бўйича таклиф киритсин;

икки ой муддатда ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган ёғ-мой корхоналарининг бўшайдиган ҳудудларида ихтисослашган кичик саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича таклиф киритсин.

11. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродовга – ёғ-мой тармоғига корхоналарнинг узлуксиз ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлаш учун етарли хом ашё базасига эга бўлган хорижий инвесторларни ва етакчи ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсуповга– 
фермер хўжаликлари томонидан соя ва муқобил мойли ўсимликлар уруғларини етиштиришни ташкил қилиш чораларини кўриш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиш учун шахсий жавобгарлик юклансин.

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд хом ашё ресурсларидан, инфратузилмалар, меҳнат ресурслари ва бозор эҳтиёжидан ҳамда ҳудуддаги мавжуд қувватлардан келиб чиққан ҳолда ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни лойиҳалаштиришда тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.

12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ёғ-мой саноати тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб бориш тавсия қилинсин.

13. “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ёғ-мой саноати тармоғи кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича илмий-амалий марказни ташкил этиш чораларини кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси зиммасига юкланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажаришда амалий ёрдам кўрсатсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси “Ўзёғмойсаноат” уюшмасини статистик маълумотларни мажбурий тарқатиш реестрига киритсин.

16. “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси Тошкент шаҳри, Шота Руставели кўчаси, 8-уй манзили бўйича бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б.М.Мавлонов ва Г.К.Саидова зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 16 январь

Манба: ЎзА

Поделиться