Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда юкларни ташиш учун электрон платформа яратилади
2019-01-10 | Технологиялар
8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда “Ўзавтотранс” агентлиги биргаликда халқаро мултимодал транспорт-логистика марказининг электрон платформасини яратиш тўғрисидаги лойиҳани ишлаб чиқиш борасида қарор қабул қилди.
Лойиҳада юкларни экспорт-импорт қилишда транспортда ташиш билан боғлиқ маълумотларни тўплаш, ишлов бериш ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларни тезкор ва ўрта муддатли режалаштириш, экспорт-импорт юкларни ташишда транспортда ташиш ва омборга жойлаштиришни қулайлаштириш, транспорт харажатларини қисқартириш, келиштириш ҳисобига етказиб бериш ва омбор операцияларининг самарадорлигини ошириш, логистика жараёнини барча иштирокчиларнинг аниқ ҳисоб-китоблар ва оқилона ҳаракатлар ягона электрон платформасини яратиш кўзда тутилган.
Электрон платформани яратиш бўйича ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда “Ўзавтотранс” агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Меморандум доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети “Ўзавтотранс” агентлиги мутахассислари билан биргаликда университет мутахассисларини жалб қилган ҳолда, платформадан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар, қисқа муддатли ўқиш, малакавий семинарлар, тренинглар, мастер-классларни ташкил этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги